Бразилиянинг 27 йилга қамалгган собиқ президенти ҳибсга олинди

Олам

image

Бразилиянинг собиқ президенти, давлат тўнтаришига уриниш учун 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жаир Болсонару мамлакатни тарк этишга уриниб кўриши мумкинлиги сабабли ҳибсга олинди. У уй қамоғида эди. Бу ҳақда “Bloomberg” бугун, 22 ноябрь куни хабар берди.  

Агентлик маълумотларига кўра, Бразилия Олий суди судьяси Александр де Мораес ўз қарорида “Болсонарунинг Бразилиядаги чет эл элчихонасидан бошпана излашга уринишининг ҳақиқий хавфи борлигини” таъкидлаган. Уни ҳибсга олиш қарори собиқ президентнинг тўнғич ўғли, сенатор Флавио Болсонару тарафдорларини отасини қўллаб-қувватлаш учун оқсоқол Болсонару уй қамоғида бўлган қароргоҳ олдида митинг ўтказишга чақирганидан кейин қабул қилинган.

“Bloomberg” шунингдек, Болсонару ишини кўраётган судьялар ҳайъати ҳимоячининг ҳукм устидан шикоятини рад этганини таъкидлади. Собиқ президентнинг адвокатлари унинг ёши ва соғлиғини инобатга олиб, унга жазони уй қамоғида ўташга рухсат беришни сўраган. Бироқ унинг ҳибсга олинишига қарамай, агентлик хулосасига кўра, судьялар яқин орада бу масалани кўриб чиқиши мумкин.

Болсонарунинг адвокати “Reuters”га ҳибсга олиш сабабларини тушунтирмади. Вазиятдан хабардор манба уни уй қамоғида сақлаш шартлари бузилгани учун “профилактика чораси” сифатида баҳолади.

Прокуратура маълумотларига кўра, собиқ президент ўз рақиби, амалдаги Президент Луис Инасиу Лула да Силванинг сайланишига аралашишга уринган.

11 сентябрь куни Болсонару мамлакатнинг амалдаги раҳбари Луис Инасиу Лула да Силвага қарши давлат тўнтаришига уринишда айбланиб , 27 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу муддатнинг 24 йил 9 ойи қамоқ жазосидан иборат бўлиб, ёпиқ тартибда ўталади, қолган 2,5 йили эса уй қамоғи шаклида белгилангани айтилмоқда. Ўша куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қўшма Штатлар Болсонаруга ўқилган ҳукмга жавобан жавоб чораларини кўришини эълон қилди. Кейинчалик Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги Рубионинг таҳдидларига жавоб бериб, бундай сўзлар мамлакатни қўрқитмаслигини айтди. 

17 сентябрь куни сиёсатчига тери саратони ташхиси қўйилгани хабар қилинганди. Шифокорнинг сўзларига кўра, ўсмалар унинг кўкраги ва қўлида жойлашган.

Болсонару 2019 йилдан 2023 йилгача президент лавозимида ишлаган, ундан кейин ҳокимиятга Лула да Силва келган. 2023 йилнинг январида Болсонару тарафдорлари сайлов натижаларига норозилик билдириб, Бразилия шаҳрида ҳукумат биноларини эгаллашга уринган, бироқ полиция уларни бостирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка раҳбари Дональд Трамп Бразилиядаги собиқ президент Жаир Болсонаруга қарши суд иши бошлангани учун мамлакатга божлар билан таҳдид қилган эди. Трамп Болсонаруни ўзининг иттифоқчиси деб билади ва унга нисбатан олиб борилган судни адолатсизлик деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бразилия Жаир Болсонару Луис Инасиу Лула да Силва собиқ президент Александр де Мораес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг