“Бу қизил чизиқларни босиб ўтиш”. Венесуэлага ҳужум ҳақида ким нима фикрда?

Олам

image

Маълумки, бугун, 3 январь куни АҚШ Венесуэла пойтахтига ҳужум қилиб, Каракаснинг бир қатор ҳудудларида портлашлар содир этди. Давлат раҳбари Николас Мадуро АҚШ армиясининг “Дельта” махсус бўлинмаси жангчилари томонидан қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. Айни вақтда кўплаб мамлакатлар АҚШнинг Венесуэладаги ҳаракатларини мамлакат ички ишларига аралашув ва суверенитетга ҳужум сифатида баҳоламоқда. 

Биринчилардан бўлиб Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Венесуэлага ҳужумини қоралади. Кейинроқ, бу қаторга Беларусь ҳам қўшилди. Венесуэла Ҳукумати АҚШнинг Каракасга қарши тажовузига жавобан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини талаб қилди.

Чили Президенти Габриэль Борич ўз мамлакати АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳужумларини қаттиқ қоралашини айтди. У АҚШни тинч йўл билан ечим топишга чақирди. 

“Чили ҳукумати сифатида биз ўз ташвишимизни билдирамиз ва Венесуэлада амалга оширилаётган АҚШ ҳарбий ҳаракатларини қоралаймиз ҳамда мамлакатни қамраб олган жиддий инқирозга тинч йўл билан ечим топишга чақирамиз”, деб ёзган Борич Х’да. 

У можаро зўравонлик ва хорижий аралашув билан эмас, балки мулоқот орқали ҳал қилиниши кераклигини урғулаган. 

Австрия вице-канцлери Андреас Баблер АҚШни БМТ Низомини бузишда айблади.  

“Мен АҚШнинг Венесуэлага қуролли ҳужумини қоралайман. Бу ҳужум БМТ Низомида мустаҳкамланган зўравонликдан фойдаланишни тақиқлашни жиддий равишда бузишдир. Буни тан олиш қобилияти ҳар бир инсоннинг ақл-идрокига боғлиқ масала. Биз халқаро ҳуқуқ устуворлиги тамойилларини ҳимоя қилишимиз керак”, деб ёзган у ўз мурожаатида. 

Шунингдек, у айни вақтда дунё геосиёсий жиҳатдан қандай ўзгариб бораётгани, инсоният кўз ўнгида халқаро тузилмалар қандай қулаб тушаётганига гувоҳ бўлаётганини айтган

“Айниқса, Венесуэладаги воқеалар контекстида биз, европаликлар, бу янги воқеликни тан олишдан қочиб қутула олмаймиз. Биз муқаррар равишда куч ишлатишни сиёсий воситага айлантирмайдиган қарама-қарши мувозанатни таклиф қилишимиз керак”, деб хулоса қилган вице-канцлер.

Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта эса Венесуэлада ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини қўллаб-қувватлади ва АҚШ кучлари томонидан Боливар Республикаси Президенти Николас Мадуро ўғирлаб кетилганидан сўнг “халқаро нормаларга мувофиқ” чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда Коштанинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда айтилган. 

“Европа Иттифоқи вазиятни юмшатишга ва халқаро нормаларга тўлиқ мувофиқ равишда ҳал қилишга чақиради. Ҳамжамият Венесуэлада ҳокимиятнинг тинч ва инклюзив ўтказилишини қўллаб-қувватлайди”, дейилади унинг баёнотида.

Швейцария расмийлари эса АҚШ маъмуриятини Венесуэла атрофидаги вазиятни юмшатишга чақирган.. 

“Швейцария куч ишлатишни тақиқлаш ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш тамойилини ўз ичига олган ҳолда, юмшатиш, вазминлик ва халқаро ҳуқуққа риоя қилишга чақиради”, дейилади баёнотда.  

Мюнхен хавфсизлик конферецияси раиси вазифасини бажарувчи Вольфганг Ишингернинг фикрича, АҚШнинг Венесуэладаги операцияси Россия Украинадаги вазиятга аралаша олмаганлиги ҳақидаги аргументни йўққа чиқаради.

“Агар АҚШ ҳозирда БМТ мандатисиз Венесуэлага аралашаётган бўлса, унда Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашини чақирмасдан туриб, Украинадаги вазиятга ҳеч қандай тарзда аралаша олмаслиги ўзининг сиёсий ва халқаро-ҳуқуқий аҳамиятини йўқотмоқда, шундай эмасми?” деб ёзган у ўзининг X’даги саҳифасида. 

Мексика ҳукумати ҳам АҚШнинг Венесуэлага қарши зарбаларини қоралади ва БМТ Низомининг бузилганини айтди. 

“Мексика ҳукумати сўнгги соатларда Қўшма Штатлар Қуролли Кучлари томонидан Венесуэла Боливар Республикасидаги нишонларга қарши амалга оширилган бир томонлама ҳарбий ҳаракатларни қоралайди ва қатъиян рад этади, бу эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддасини очиқчасига бузиш ҳисобланади”, дейилади ҳукумат веб-сайтида жойлаштирилган баёнотда.

Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва АҚШнинг Венесуэлага зарбаларини танқид қилиб, уларни “қизил чизиқ”ни босиб ўтиш ва халқаро ҳамжамият учун хавфли прецедент деб атади. 

“Венесуэла тупроғидаги портлашлар ва унинг Президентининг қўлга олиниши қабул қилиб бўлмайдиган чегарадан ўтиб кетди. Бу ҳаракатлар Венесуэла суверенитетига жиддий ҳақорат ва бутун халқаро ҳамжамият учун яна бир ўта хавфли прецедентдир”, деб ёзган Лула Х’да.


Мақола муаллифи

Теглар

Николас Мадуро Венесуэлага ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг