Бўкада мактабга кеч қолган болалар ўт юлишга мажбурланди (видео)
3-саҳифа
−
07 Май 4810 1 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 24-сонли мактаб ўқувчилари мактабга кеч қолгани учун улар ободонлаштириш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Болаларни ушбу ишга жалб этган директор ўринбосарига чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолатни ўрганиш мақсадида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, вазият атрофлича кўриб чиқилган. Аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 30 апрель куни юз берган. Мактабнинг 11-синф ўқувчилари дарс жараёнларига кечикиб келган. Ҳолат ушбу ўқувчилар томонидан сурункали давом этиб келаётгани сабабли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни тартибга чақириш мақсадида мактаб гулхонасини ёввойи ўтлардан тозалашга жалб этган. Бу жараён 10 дақиқа давом этган. Шундан сўнг, дарсга кеч қолган ўқувчилар синфларига киритилган.
Ишчи гуруҳ томонидан мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига огоҳлантириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилганди. Шундан сўнг директор жаримага тортилганди.
Live
Барчаси