Дания илк бор АҚШни миллий таҳдидлар қаторига киритади – ОАВ

Олам

image

Дания биринчи марта АҚШни миллий таҳдидлар қаторига киритмоқчи. Бу ҳақда “Berlingske” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, бундай хулоса Дания ҳарбий разведкаси томонидан тайёрланган янги таҳдидларни баҳолаш ҳисоботида келтирилган. Ҳисобот яқин кунларда расман эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳужжатда АҚШ илк бор Дания учун таҳдидлар қаторида салбий манба сифатида тилга олинган.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳисоботда АҚШ эндиликда ўзининг иқтисодий ва технологик қудратини, жумладан, иттифоқчилар ва ҳамкорларга таъсир кўрсатиш воситаси сифатида қўллаётгани қайд этилган. Хабар қилинишича, АҚШ билан бирга Россия ва Хитой ҳам Дания хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрсатилган.

Шу билан бирга, нашр Дания ҳарбий разведкаси раҳбари Томас Аренкилнинг сўзларига таяниб, Копенгаген ҳанузгача Вашингтонни ўзининг энг кучли иттифоқчиси ва Европа хавфсизлигининг кафолати деб ҳисоблашини ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Дания АҚШни Гренландияни ажратишга уринишда айблаган эди. Ўшанда Дания разведкаси Гренландия “турли хил таъсир кампанияларига” дучор бўлаётганини билдирган.

Май ойида эса Трамп АҚШ Гренландияни эгаллаб олиш учун куч ишлатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган. Бироқ у аннексиядан сўнг орол аҳолисига “меҳр билан” муносабатда бўлишини ваъда қилган. Айни пайтда Гренландияда АҚШнинг Pituffik ҳарбий базаси мавжуд бўлиб, у ерда 200 нафар америкалик ҳарбий хизмат қилади ва F-35 қирувчи самолётлари жойлаштирилган. Ушбу база баллистик ракеталарни узоқ масофадан аниқлаш тизимининг муҳим элементи ҳисобланади, шунингдек, Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги энг қисқа ҳаво йўли шу ердан ўтади.

“Bloomberg” манбаларининг ёзишича, Трамп Гренландияга бўлган қизиқишини у ердаги бой табиий ресурслар билан ҳам изоҳлаган: оролда олтин, олмос, уран ва электроника ҳамда ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун зарур бўлган нодир ер металлари конлари мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ таҳдид Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг