Тандир масаласида бир тўхтамга келолмаётган ҳокимлар, рейдга чиққан Саида Мирзиёева, олиниши камайган қарз – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
07 Декабрь 2845 12 дақиқа
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги кафелардан бирида газбаллон портлади. Ҳодиса оқибатида 3 киши қурбон бўлди, яна 29 киши жароҳатланди. Шикастланганлардан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳозирда шифохонада қолаётганлардан бирининг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабиль оғир, нафаси мустақил, ҳушида.
Куйганлар орасида икки ҳомиладор аёл ҳам бор. Улар Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган.
Расмий идораларнинг қайд этишича, портлаш “Bek Family Cafe” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газбаллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида содир бўлган.
Портлаш ортидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 257-моддаси ( Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а,б“ бандлари ва 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б“ бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “Bek Family Cafe” МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ички ишлар вазирлиги вазирнинг ўринбосари Рамазон Ашропов бошчилигида тергов ўтказилаётганини маълум қилди.
Портлаш хабари кенг жамоатчиликка етиб борганидан бир кун ўтиб, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия Президент топшириғига кўра, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш билан шуғулланади.
4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташрифини амалга оширган Президент Шавкат Мирзиёев шифохонага бориб, портлашдан жабрланганлар ҳолидан хабар олди. Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур барча тиббий ёрдам кўрсатилишини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга 100 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилиши бўйича топшириқ берган.
Масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилган. Фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабоқ бўлиши кераклиги қайд этилган. Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарурлиги айтилди.
Гулистондаги портлаш ортидан тузилган Ҳукумат комиссиясига келсак, жорий йилнинг ўзида Қашқадарё ва Хоразмдаги бир неча “заправка”ларга ўт кетди, портлашлар содир бўлди. Бу бахтсиз ҳодисалар одамлар ўлимига сабаб бўлди. Март ойида Андижондаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида ҳам портлаш содир бўлиб, унда уч киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатлангани айтилди. Фожиа ортидан Ҳукумат комиссияси тузилди, Андижондаги барча масжидлар текширувдан ўтказилди. Бироқ на Ҳукумат комиссияси ҳисоботидан, на жиноят ишининг бориши, ёки ишга оид материалларнинг судга юборилганидан дарак бор. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда.
Экозарарни моддий манфаат билан боғлаб бўлмайди – Саида Мирзиёева
Бу ҳафта ҳам экологик муаммоларсиз ўтмади. Ҳафта бошида Президент Шавкат Мирзиёев экологик барқарорлик, қиш мавсумига тайёргарлик ва ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ва унда ҳаво сифатини яхшилаш масаласи ҳам кўтарилди.
Унда экологик чораларни нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тизимли давом эттириш, аниқланган қонунбузарликларни тезкор бартараф этиш, ҳавога таъсир кўрсатувчи барча омилларни қатъий назорат остига олишни топширган.
Ушбу йиғилиш ортидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Тошкент шаҳридаги ҳаво ҳолати бўйича махсус комиссия йиғилиши ўтказилди. Саида Мирзиёева Президент ҳар куни ундан экологик масалада ҳисобот сўраётганини айтган.
Администрация раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан мунтазам равишда ҳисобот бериб туришни талаб этган. Мирзиёеванинг талабига кўра, ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муайян муддатларга эга бўлиши ва тизимли равишда бажарилиши лозим. Келгуси йилда бундай вазият такрорланмаслиги керак.
У Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасидаги бутун шаҳардаги ҳавони назорат қилувчи вазиятлар маркази билан ҳам танишган. То тунгача давом этган мажлис ортидан Саида Мирзиёева маслаҳатчиси Комил Алламжонов, Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида ҳавони заҳарловчи иссиқхоналар бўйлаб рейд ўтказди.
“Биз Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирига бордик. Маълум бўлишича, бу иссиқхонада кунига 150 килограммга яқин кўмир ёқилар экан. Табиийки, бу атроф-муҳитга жиддий зарар етказади.
Тадбиркорлар ўзининг ҳар бир ҳаракати учун жавобгарликни бўйнига олиши шарт. Экологияга етказилаётган зарарни моддий манфаат, мўмай даромад билан оқлаб бўлмайди. Бундай ишлаб чиқаришнинг иқтисодий фойдаси катта бўлиши мумкин, лекин аҳоли соғлиғига зарари ундан-да кўпроқ тегади”, дейди Саида Мирзиёева.
“Салла деса, калла”. Андижонда тандирларга рейд ўтказилди
Эътибор берган бўлсангиз, Администрация раҳбари, Президент сиёсатининг бош тарғиботчиси Саида Мирзиёева ўзи қатнашган рейдларда масъулларга ҳавони заҳарлаётган иссиқхонани буз, экинларни пайхон қил, эгасини қама, оиласини сургун қил, демаяпти. Яхшилаб қулоқ тутинг. Бизнес ишласин, тирикчилик давом этсин, лекин ҳавога зарар бўлмасин, одамлар тоза ҳаводан нафас олсин, деяпти. Андижонда-чи, Андижонда салла деса, каллани қўшиб олибди, деганларидек, бутун республика гўё тандирлардан чиқаётган тутунлардан чангланаётгандек, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида сомсахоналар тандирларига қарши рейд ўтказилди.
Туман ҳокими Ҳикматилло Дадахоновнинг шахсан бошчилигида тандирларнинг бузиб ташланиши мамлакат жамоатчилиги, фаоллар, ижтимоий тармоқ фойджаланувчилари томонидан кулгига олинди. Энди ҳокимларнинг бузарга жойи қолмай, тандир бузишга ўтди, дегувчилар ҳам топилди.
Ўтказилган экологик рейд ҳақида дастлаб туман ҳокимлигининг Telegram-каналида эълон қилинган, кейинроқ ўчириб юборилган хабарда айтилишича, тандирга қарши рейдлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг топшириғи асосида амалга оширилган.
“Андижон вилояти ҳокими топшириғига асосан, Шаҳрихон туманида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан тун-у кун рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Бугун эрта тонгдан ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган объектлар фаолияти жойида ўрганилиб, талабларга жавоб бермаётган умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда”, дейилган туман ҳокимлиги хабарида.
Ижтимоий тармоқларда ҳоким, тандирбузарлар ва уларга топшириқ берганлар сазойи қилингач, вилоят ҳокимлиги Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга интизомий жазо чораси сифатида “ҳайфсан” берилганини эълон қилди.
Бирники мингга, мингники туманга деганларидек, тандир бузиш билан боғлиқ ҳолат Андижонда ягона эмас. Вилоятнинг Хонабод туманида ҳам расмийлар тандирларни чўккалаб, экскаватор билан эмас, қўлида синдираётгани акс этган суратлар тарқалди. Бу ҳолат бўйича ҳеч ким баёнот бермади. Чора ҳам кўрилмади.
Тандирлар-ку бузилди. Лекин энди интизомий жазодан нима наф? Ўша куни камида сомсапазнинг тирикчилигига чангал солинди, тайёрлаган масаллиқлари эскирди, тандирсиз қолди. Бу ҳақда ҳокимлик миқ этмади.
Бизнес омбудсман эса, “Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунни эслатиб, унга мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, тадбиркорлик субъектини тугатиш ёки унинг мол-мулкига нисбатан бошқа чоралар кўриш фақатгина ваколатли орган ёхуд суд қарорига биноан амалга оширилишини айтиб чиқди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов тандирларни бузишга ким буйруқ берган бўлса, уни ўша одам шахсий маблағларидан тиклаб бериши кераклигини талаб қилиб чиқди. Аммо ҳозиргача бу мажбуриятни ҳеч ким ўз гарданига олгани йўқ. Тандири бузилганлар эса тирикчиликсиз қолди.
Охирги вақтларда Ўзбекистонда тандир мавзуси трендга чиққан. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев аёллар тандирда нон ёпмай қўйгани учун онкологик касалликларга чалинаётгани, тандирга кириб-чиққан аёлларга қон айланиши фаоллашиб, саратонга чалинмаслиги ҳақида илмий исботланмаган гапни айтиб чиққанди. Унинг ортидан эса Андижонда тандирлар бузилди. Ўртоқлар, бир гап айтай, келишиб олинглар!
Самарқанд вилоятида эса ҳавони ифлослаб, чўчқа боқиб келган тадбиркор аниқланди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Камолот маҳалласи аҳли кечаси тарқаладиган ноодатий тутундан азият чекиб келган. Тутун қуюқ, ҳиди ўткир, атрофдаги ҳаво тун бўйи кетмайдиган даражада ифлосланган.
Маълум бўлишича, “Исмоил Заҳро” МЧЖ автомашина баллонларини ёқиб, чорва моллари учун емиш тайёрлаб келган. Пастдарғом тумани ҳокими ўринбосари Азиз Ғафуровнинг маълум қилишича, тадбиркор бу ҳудудни тўлиқ ёпиб олган, бир неча ой давомида ишчи гуруҳни ичкарига киритмаган. 3 декабрь куни ўтказилган ўрганишга мутасадди ташкилотларнинг барчаси жалб этилган ва 40 сотихли ёпиқ ҳудудда тадбиркор чўчқа боқиб келаётгани аниқланган.
Бу ҳудудда 2 йил давомида чўчқа боқиб келинган. Озуқа тайёрлаш мақсадида тунда автомобиль шиналари ёқилган. Корхона ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун экология органи ва Санитария-эпидемиология марказидан рухсат олмаган.
Чўчқаларни озиқлантириш эвазига ҳавони ифлослантириб келган “Исмоил Заҳро” МЧЖнинг 2024 йилдаги расмий айланмаси 400 минг сўм, 2025 йилда эса 1 млн сўм бўлган. Корхонанинг солиқ қарздорлиги эса 60 миллион сўмдан ортиқ.
Президент зарарли газларни 50 фоизга қисқартиришни зиммасига олди
Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафта тиғиз графикда ишлади. Давлат раҳбари Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бўлди. Янги тадбиркорлик субъектлари билан танишди, аҳоли билан кўришди, фаоллар билан йиғилиш ўтказди. Улуғбек Мустафоевни Жиззах вилояти, Эркинжон Турдимовни Сирдарё вилояти ҳокимлигига тасдиқлаб қайтди.
Жиззахга ташрифда айтилишича, Россия томонидан қурилаётган атом электр станциясида меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун 10 минг кишилик моношаҳарча қурилади. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашади. Шунингдек, шаҳар ичидаги тирбандликни бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қурилади. Даштобод шаҳарчаси ва Ховос тумани ўртасидаги темирйўл устидан ҳам янги кўприк қурилиши бошланди.
Давлат раҳбари Жиззах фаолларига юзланаркан, улардан муаммоларни эшитишни кутаётганини, мақтайдиган даврлар ўтиб бўлганини таъкидлади.
Тошкентга қўшни бўлган Сирдарёга ташрифда айтилишича, пойтахтдаги корхонасини Сирдарёга кўчирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда, чегирма билан таклиф этилади. Уларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Хомашёни темирйўл орқали ташишда арзонлаштирилган тарифлар қўлланади.
Шунингдек, давлат раҳбари бу ҳафта охирида Халқаро конгресс-холлдаги тадбирда иштирок этди ва унда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилди, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Ўзбекистон ҳудудларида жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидростанция фойдаланишга топширилди. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард киловатт-соатга етказилади. Энг муҳими, “тоза” энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Ушбу тадбирда давлат раҳбари Ўзбекистон 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни ўз зиммасига олганини маълум қилди.
Ўзбекистон давлат қарзи ўсиши секинлашди
Ўзбекистон “Яшил ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш дастури”ни амалга ошириш Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан 500 миллион доллар қарз олмоқда. Ушбу маблағ мамлакатнинг янада экологик, барқарор ва бозорга йўналтирилган ривожланиш моделига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган.
Ташаббус паст углеродли ўсишни таъминлаш, давлат сектори самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорликни кучайтириш учун давлат бошқаруви механизмларини мустаҳкамлашни кўзда тутади. Дастур Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ҳа, Ўзбекистоннинг қарзи йил сайин ортиб бормоқда. 2025 йилнинг 9 ой якунлари бўйича 72 миллиард, аммо дунёда ишончга кирган иқтисодга эга давлатларгина қарз ололади, ишончга кирганларгагина қарз берилади, дейилмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўсиши олдинги йилларга қараганда анча секинлашган.
Яъни давлат қарзи 1 октябрь ҳолатига қарийб 44,0 млрд долларни ташкил этган. Йиллик ўсиш 4,9 млрд доллар ёки 12,5% бўлган. 2024 йил 3-чорак ҳолатига 2023 йил тегишли даврига нисбатан давлат қарзи 7,1 млрд долларга ёки 22,1%га ўсган. Давлат қарзининг ўсиши нафақат йиллик, чорак-чорак қирқимда ҳам секинлашган.
Давлат қарзи таркибида давлат ташқи қарзи 36,7 млрд долларни (+13,9%), давлат ички қарзи 7,2 млрд долларни (+5,7%) ташкил этган.
Ўрганган кўнгил ўртанса, қўймас:
Бир неча бор судланган мансабдор қамоққа олинди
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тинмаётганига мос равишда коррупционерлар ҳам камаймаяпти. ДХХ ҳамда Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департменти томонидан Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Боғдод тумани ҳокими ўринбосари 8 минг доллар билан қўлга тушди.
У ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Бешариқ туманида яшовчи фуқаро томонидан “Электрон онлайн аукцион” савдо платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида ютиб олинган 2,4 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога мулк ҳуқуқи асосида ўтказиб беришни ваъда қилган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган шаҳри ва Янги Наманган туманларида ҳокимнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчилари пора билан қўлга тушди. Улар билан боғлиқ коррупцион жиноят ҳам айнан ер олди-сотдисига тегишли.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси эса Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони танишлари орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган ва сўралган пулни танишлари орқали олган вақтида ушланган. Билдирилишича, у муқаддам бир неча маротаба судланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми "в" банди ва 28 (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (Пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
“Одамфуруш” ўзбек депорт қилинди
Бу ҳафта халқаро қидирувга берилган уч ўзбекистонлик (улардан бири аёл) Туркия, Вьетнам ва Мисрдан Ўзбекистонга олиб келинди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида қидирув тадбирлари амалга оширилган ва 2021 йилдан бери одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувда бўлган аёл қўлга олинган. У Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
1991 йилда туғилган бу аёл юқори маош ваъдаси билан қизларни алдаб Туркияга олиб борган, у ерда эса уларнинг фуқаролик паспортларини тортиб олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Унга Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси эса Вьетнамда ушланиб, ортга депортация қилинди.
Эркак Ўзбекистон ҳудудида содир этилган иқтисодий ва мулкий жиноятларга оид айбловлар бўйича қидирувда бўлган.
Шунингдек, шу ҳафта оғир турдаги жиноятни содир этгани учун Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс Миср Араб Республикасида яшириниб юргани аниқланган ва қўлга олинган. У ҳам халқаро шартномаларда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига депортация қилинган.
Live
Барчаси