Дунё миллиардларини бошқарувчилар: Маск етакчи, Трамп эса икки карра бойиди

Бу қизиқ

image

“Forbes” журналининг 7 март ҳолатига кўра эълон қилинган ҳисоботида келтирилишича, миллиардерлар сони ва бойлиги ҳеч қачон ҳозирдагидек катта бўлмаган. Бу, айниқса, АҚШда кўзга ташланмоқда: Дональд Трамп иккинчи бор “миллиардер президент” сифатида лавозимга киришди. Бу сафар у миллиардерлар синфига ҳукумат устидан ҳар қачонгидан ҳам катта таъсир кучини бермоқда. Унинг энг яқин ҳамкори – дунёдаги энг бой инсон. Трамп маъмуриятида камида ўн нафар миллиардер ва уларнинг турмуш ўртоқлари бор.

Бугун мақолада “Forbes” ҳисоботи асосида атрофлича сўз боради.

Дунёда миллиардерлар кўпайди

Бу йил тарихда илк бор миллиардерлар сони 3 мингдан ошиб, “Forbes”нинг йиллик рўйхатига 3028 киши киритилди – бу ўтган йилдагидан 247 нафарга кўп. Уларнинг жами бойлиги 16,1 триллион АҚШ долларини ташкил қилади – бу ўтган йилдагидан 2 триллион долларга кўп, қолаверса, АҚШ ва Хитойдан ташқари барча давлатларнинг ялпи ички маҳсулотидан ҳам юқори.

Ҳозиргача миллиардерларнинг уч нафари 200; ягона Илон Маск эса 300 миллиарддан ортиқ бойликка эгалик қилмоқда. Шундай қилиб, бисоти 100 миллиарддан ортиқ миллиардерлар бойлиги ўн икки хонали рақамлар билан ёзилади.

Журналга кўра, олдин бундай миллиардерлар бўлмаган, бироқ 2025 йилга келиб, “сентибиллиардер” (лотинча “centibillionaire” – 100 миллиард долларга эга инсон)лар сони 15 га етган.

Энг бой инсон – Илон Маск

Унинг бойлиги ҳозирда тахминан 342 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Вақтининг катта қисмини Трампнинг харажатларини қисқартириш лойиҳаси бўлган DOGE кампаниясини бошқаришга сарфлаётган бўлса-да, Маск ўтган йил давомида ҳисобига 147 миллиард доллар қўшишга муваффақ бўлди. Бу ютуқ асосан унинг ракета компанияси SpaceX ва яқинда ижтимоий тармоқ гиганти X билан бирлаштирган сунъий интеллект фирмаси xAI туфайли юз берди.

Ҳаттоки, яқинда намойиш ва акциялар сотуви босимига учраган Tesla ҳам ўтган йилгига нисбатан юқорироқ нархда савдо қилмоқда. Натижада Маск яна дунёнинг энг бой одами унвонини Бернард Арнольддан тортиб олди ва дунёнинг иккинчи бой инсони – Meta асосчиси Марк Цукербергдан 126 миллиард доллар олдинда бормоқда.

Цукерберг ҳам йирик қадамларда одимлаб бормоқда ва 216 миллиард доллар бойлик билан илк бор иккинчи ўринга чиқди. Amazon асосчиси Жефф Безос эса 215 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллади. Арнольд эса ҳозирда 178 миллиард доллар билан бешинчи ўринга тушиб қолди.

Қайси давлатларда миллиардерлар кўп?

Америка Қўшма Штатлари рекорд даражадаги (902 нафар) миллиардер билан ҳамон дунёдаги энг кўп миллиардерга эга давлат бўлиб қолмоқда. Иккинчи ўринда 516 нафар миллиардер билан (Гонконгни ҳисобга олганда) Хитой, учинчи ўринда эса 205 нафар миллиардер билан Ҳиндистон турибди. Рўйхатдаги барча миллиардерларнинг ярми айнан мазкур уч давлат фуқароларидир, умумий ҳисобда эса 76 та давлат ва 2 та ярим-автоном ҳудудда камида битта миллиардер мавжуд.

Бу йил илк бор Албания ҳам миллиардерга эга давлатлар сафига қўшилди. Шунингдек, 2018 йилда ҳукумат босими туфайли рўйхатдан чиқарилган Саудия Арабистони миллиардерларидан бу йил яна 15 нафари рўйхатга қайтди.

Янги ва собиқ бойлар

Умуман олганда, бу йилги миллиардерлар рўйхатига 288 та янги исм қўшилди. Улардан баъзилари рок юлдузи Брюс Спрингстин, актёр Арнольд Шварценеггер ва комик Жерри Сайнфелдлардир. Таъкидлаш жоизки, рўйхатга кўплаб сунъий интеллект компаниялари асосчи ва директорлари ҳам қўшилмоқда. Хусусан, Anthropic, CoreWeave ва DeepSeek асосчилари энди миллиардерлар сафида. Бундан ташқари, Cava, Chipotle, Jersey Mike’s ва Zaxby’s каби машҳур озиқ-овқат тармоқлари ортидаги тадбиркорлар ҳам рейтингга кирган.

Бу йилги рўйхатдаги энг бой янги аъзо – 2024 йилнинг май ойида вафот этган афсонавий криптоаналитик Жим Саймонснинг беваси Мерилин Саймонс бўлиб, унга эридан 31 миллиард доллар бойлик қолган. Умуман олганда, ўтган йил ичида 32 нафар миллиардер вафот этган.

Аввалги йилларга нисбатан айрим миллиардерлар учун йил унчалик омадли келмади. 2024 йилги рейтингда бўлган 107 нафар инсон энди етарли даражада бой эмас ва рўйхатдан чиқиб кетди.

Меросхўр ва миллиардер аёллар

Жаҳон миллиардерлари орасида бор-йўғи 406 нафар аёл бор бўлиб, бу умумий рўйхатнинг атиги 13,4 фоизини ташкил этади. Ўтган йилда бу кўрсаткич 13,3 фоизга тенг эди. Таъкидлаш керакки, ушбу аёлларнинг деярли 3/4 қисми ўз бойликларини мерос қилиб олган. Улар қаторига дунёдаги энг бой аёл – 101 миллиард долларга эгалик қилаётган Walmart меросхўри Элис Уолтон ҳам киради. У бу йил 81,6 миллиард доллар бойликка эга француз L’Oreal меросхўри Франсуаза Бетанкур Майерсни ортда қолдириб, аёллар орасида биринчи ўринга чиқди.

Умуман олганда, рўйхатдаги миллиардерларнинг 67 фоизи ўз бойлигини ўзи яратган, яъни улар компания асосчиси ёки ҳаммуассиси бўлган, ёки бойликни мерос қилиб эмас, ўзи тўплаган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 66 фоиздан бироз юқорироқ.

Миллиардерлар неча ёшда?

Энг ёш ўз бойлигини ўзи яратган миллиардер – 28 ёшли Scale AI асосчиларидан бири ва бош директори Александр Ванг бўлиб, унинг бойлиги 2 миллиард долларни ташкил этади.

30 ёшдан кичик бўлган  миллиардерлар сони 21 нафар ва уларнинг орасида энг ёши 19 ёшли немис фармацевтика империяси меросхўри Йоханнес фон Баумбах бўлиб, у бу йил рўйхатга янги кирган ва ҳозирда дунёдаги энг ёш миллиардер ҳисобланади.

Миллиардерлар фақат ёшлардан иборат эмас ва рўйхатда 100 ёшдан ошган тўрт нафар миллиардер бор, уларнинг энг ёши улуғи – 103 ёшли АҚШ суғурта магнати Жорж Жозеф. Умуман олганда эса, миллиардерларнинг ўртача ёши 66 ни ташкил қилмоқда.

Бойвачча Президент Трамп

Дональд Трамп учун эса бу йил деярли ҳеч кимдан кам бўлмаган даражада муваффақиятли бўлди, бу фақат президентликка қайтгани учунгина эмас. У Оқ уйдаги янги даврини бошлашдан олдин, крипто соҳасига жуда фойдали сармоя киритиб, катта даромад олди. Бундан ташқари, унинг “Trump Media & Technology Group” компанияси 2024 йилги “Forbes” рейтинги якунлангач, оммавий акциялар савдосига чиқди.

Натижада Трампнинг бойлиги 2,3 миллиард доллардан 5,1 миллиард долларга ошди. Бу деярли икки баравар фойда демакдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Forbes Илон Маск дунё миллиардерлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг