Дунё Трампдан юз ўгирмоқдами?
Таҳлил
−
04 Февраль 10682 8 дақиқа
Дунё тартиботи ўзгармоқда. Аввалги Вашингтоннинг дўстлари бугун Пекин томонга оғиб кетяпти. АҚШ Президенти Дональд Трамп Американи қайта буюк қилиш ўрнига, уни ёлғизлатиб қўймоқда, гўё. Ноқулай бож сиёсати, аннекция таҳдидлари, турли пўпсалар-у кинояли тажовузлар дунё давлатларини Трамп сиёсатидан узоқлашишга, янги қудартли дўст топишга ундамоқда. Айни дамда, Хитой АҚШ ўрнини босувчи сифатида жаҳон саҳнасига чиқмоқда. Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи, харид қобиляти жиҳатидан эса жаҳонда биринчи ҳисобланувчи Хитой Халқ Республикаси, чинакамига АҚШдан кейинги энг қудратли актордир (халқаро майдондаги субъект).
Январь ойининг ўзидаёқ Пекинга 6 та давлат раҳбари турли масалалар юзасидан давлат ташрифини амалга оширди. Улар орасида АҚШнинг эски “қадрдонлари”дан тортиб, энг яқин қўшниларигача бор. Кези келганда инсон ҳуқуқлари ва демократияни ўзларининг асосий қадрияти деб биладиган Ғарб давлатлари, мафкуравий зиддиятларни четга суриб, иқтисодий манфаатлар учун социалистик Хитой билан ҳам дўстлашиши мумкин экан.
Ён қўшни – жон қўшни
Трампнинг Канадага нисбатан муносабати, унга нисбатан билдирган фикрлари интернетда тез-тез шовқин кўтариб туради. Ҳазил аралаш айтилган “51-штат” мақоми ҳам ҳали ҳеч кимни ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.
“Биз Канадага субсидия бериш учун юзлаб миллиард доллар тўлаяпмиз. Нима учун? Бунинг ҳеч қандай сабаби йўқ. Бизга улардаги нарсаларнинг ҳеч бири керак эмас. Бизда чексиз энергия ресурслари бор, ўз автомобилларимизни ўзимиз ишлаб чиқаришимиз керак ва бизда, ҳаттоки ишлата олганимиздан ҳам кўпроқ ёғоч материаллари (ўрмон) бор. Ушбу улкан субсидияларсиз Канада яшовчан давлат сифатида мавжудлигини тўхтатади. Шавқатсиз, лекин ҳақиқат! Шундай экан, Канада бизнинг қадрли 51-штатимизга айланиши керак. Бу Канада халқи учун анча паст солиқлар ва анча яхши ҳарбий ҳимоя дегани ва ҳеч қандай божларсиз (тарифларсиз)!”, деб ёзган эди Трамп ўзининг Х’даги саҳифасида.
Узоқ вақт давомида Трампнинг қайсидир маънода “дағдағали ҳазилларига” чидаб келган Оттава маъмурияти, аста-секинлик билан “ҳазилкаш қўшнисидан” узоқлашишга уринмоқда. Аслида ҳам, иқтисодий жиҳатдан жанубдаги қўшнисига ниҳоятда боғланиб қолган Канадада (экспортининг 75% дан ортиғи Америка Қўшма Штатларига йўналтирилган) янги бозорларга эҳтиёж аллақачон шаклланган эди.

Шу ўринда, Канада Бош вазири Марк Карни Пекин билан алоқаларни тиклаш ва АҚШдан ташқарида ўз мамлакати учун янги иқтисодий имкониятларни топиш мақсадида 27 январь санасида Хитойга ташриф буюрди. Бу Канада бош вазирининг 2017 йилдан бери Пекинга биринчи ташрифи бўлиб, Карни янги савдо ва хавфсизлик шерикликларини излаётган бир пайтда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Авваламбор, икки томон ўртасидаги муносабатлар “стратегик ҳамкорлик” даражасига кўтарилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Эндиликда узоқ вақт давомида “музлик даврини” бошдан кечирган Канада-Хитой алоқаларида “янги боб” бошланди дейиш мумкин.
Ташриф давомида 8 та икки томонлама келишув имзоланганлиги эълон қилинди. Улар қаторидан қуйидаги шартномалр ўрин олган:
• савдо ва инвестицияларни кенгайтириш бўйича стратегик диалогни тиклаш;
• энергия ҳамкорлиги: тоза энергия, нефть-газ, фуқаролик ядро энергияси, табиий уран савдоси бўйича ҳамкорлик;
• қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кучайтириш;
• иқтисодий ишонч ва тенг рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш;
• ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик: коррупция, кибержиноятчилик, телеком-фирибгарлик ва синтетик дорилар билан кураш.
Томонлар санкция ва божлар масаласида ҳам бир қанча келишувларга эришди. Пекин Канададан импорт қилинувчи канола ёғига қўйилган 85 фоизлик бож ставкасини 15 фоизгача камайтириши, Оттава маъмурияти эса Хитойдан кириб келадиган электромобилларга қўйилган 100 фоиз миқдоридаги бож ставкасини 6.1 фоиз атрофида белгилаши келишиб олинди. Бу қадамлар, айниқса, илгари узоқ вақт давомида икки давлат ўртасида савдо санкциялари ва тарифлар воситасида юзага келган тортишувлар фонида катта аҳамиятга эга.
АҚШ эса Канада-Хитой муносабатларининг ривожланишига жимгина қараб турмоқчи эмас.
“Агар Канада Хитой билан келишувга эришса, мен дарҳол АҚШга кирадиган барча Канада товарлари ва маҳсулотларига 100 фоиз тариф билан зарба бераман”, деб ёзади Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида.
Аммо бундай таҳдидлар энди Канаданинг Хитойга бўлган позициясини ўзгартира олмайди, томонлар ўртасида алоқалар ривожланишда давом этади.
Европа АҚШдан хафа
Дональд Трампнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) “боқиманда” сифатида қараши, вазият топилди деганда НАТО учун ажратиб келинган пулларини “миннат” қилиши кўпчиликка маълум. Ҳеч қандай дипломатик пардаларсиз очиқчасига қилинаётган таҳқирланишлар иттифоқ ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ёмонлашувига олиб келди. Бундан ташқари, Трампнинг бутун дунёга очган “савдо уруши” оқибатида Европа давлатларида Транс-Атлантик иттифоқнинг келажагига нисбатан хавотир пайдо бўла бошлади. Альянснинг биринчи рақамли дўсти энди Вашинтон бўла олмайди.
Мана шундай қалтис вазият фонида, Ирландия Бош вазири Михол Мартиннинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи халқаро майдонда “жиддий бурилиш” сифатида кўрилмоқда. 2026 йил 5 январь куни Ирландия Бош вазири Михол Мартин Хитой Коммунистик партияси Бош котиби Си Цзиньпин билан учрашди. Музокаралар давомида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда кўп томонлама дипломатияни қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Ташриф давомида иқтисодий ҳамкорлик асосий мавзулардан бири бўлди. Хусусан, Ирландия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотларини Хитой бозорига қайта ва кенгроқ миқёсда олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Сусайиб қолган Ирландия-Хитой муносабатларининг қайта жонланиши Ирландия учун янги иқтисодий имкониятлар, Хитой учун эса сифатли маҳсулотлар таъминотини англатади. Шунингдек, технология, таълим ва маданий алмашинув соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кун тартибидан жой олди.
Дунё эса бу ташрифдан мақсад икки томонлама муносабатларни тиклашдан кўра кўпроқ Европанинг Хитой билан яқинлашувга интилиши сифатида кўрмоқда. Ирландия Европа Иттифоқининг фаол аъзоси сифатида Хитой билан мулоқотда “кўприк” вазифасини бажаришга интиляпти. Мартиннинг ташрифи Европа ва Осиё ўртасидаги муносабатларда мувозанат, очиқлик ва прагматик ёндашув зарурлигини намоён этди. Бу эса кескин қарама-қаршиликлар даврида дипломатик муросанинг нақадар муҳим эканини эслатади.
Европанинг нияти жиддий эканлигини кейинги ташрифлардан ҳам кўриш мумкин. 22-28 январь кунлари Финландия Бош вазири Петтери Орпонинг Хитойга қилган ташрифи ҳам ЕИ—Хитой муносабатларини яхшиланаётгани, Европанинг Пекинга нисбатан позицияси ўзгараётганининг далили дейиш мумкин. 6 кунлик сафар доирасида Пекинда юқори даражадаги учрашувлар ҳамда Финляндиянинг 20 та компанияси иштирокида тижорат музокаралари бўлиб ўтди.
Орпо 27 январь куни Хитой Раиси Си Цзиньпин, Бош вазири Ли Цян ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши раиси Чжао Лэцзи билан учрашди. Бир кун аввал эса у Тижорат вазири Ван Вэньтао билан музокаралар ўтказган эди. Кун тартибидан икки томонлама муносабатлар, бозорга кириш имкониятлари ҳамда Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги савдо баланси каби мавзулар ўрин олди.
Пекин билан тобора яқинлашиш, иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш кўзда тутилган учрашувлар натижасини ижобий баҳолаш мумкин. Ташриф сўнггига кўра, Финландия ва Хитой компаниялари ўртасида 11 та тижорат шартномаси имзоланди.
“Бундай расмий ташрифлар Хитойдаги компанияларимиз учун эшикларни очади. Мен Финляндия экспортини қўллаб-қувватлаш ва шу йўл билан бандликни ошириш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман”, деди Бош вазир Орпо.
Шу жумладан, фин вазири ташрифдан кўзланган асосий мақсадни ҳам яширгани йўқ. Вазир ЕИ ва Хитой айни дамдаги мураккаб глобал вазиятда бирлашиши кераклигини алоҳида таъкидлаган.
.jpg)
“Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳозирги глобал вазиятда жуда муҳим. Улар иқтисодий гигантлар бўлиб, ўзаро муносабатлари глобал иқтисодий ривожланишда муҳим роль ўйнайди. Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатларга ва тенг шароитларга асосланган савдони ривожлантириш муҳимдир”, деган Орпо.
Январь ойи сўнггида Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг Хитойга қилган ташрифи дунё сиёсатидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида татбиқ этилмоқда. Томонлар ўртасидаги 8 йиллик катта танафусдан сўнг Бош вазирнинг Пекинга қилган ташрифини алоҳида геосиёсий белги сифатида тушуниш мумкин. АҚШнинг энг яқин савдо ҳамкорларидан бири бўлган Буюк Британиянинг Хитой билан “нурашни” бошлаган алоқаларни қайта тиклашга уруниши, Вашингтоннинг беқарор сиёсий муҳитидан қочаётганининг исботидир.
АҚШ ва Буюк Британия ўнлаб йиллар давомида яқин иттифоқчи бўлиб келган. Улар 2001 йилдан буён Яқин Шарқдаги урушларда ва глобал терроризм ҳамда бошқа таҳдидларга қарши курашда яқин мувофиқлик билан ҳаракат қилишган. Шунингдек, улар Five Eyes (Беш Кўз) разведка алмашинуви тизими орқали маълумот алмашган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари сифатида бирга ишлашган. Ваҳолангки, АҚШ Президентлигига Дональд Трампнинг келганига атиги бир йил бўлишига қарамай Лондон билан муносабатлар таранглашмоқда.
Стармер Си Цзиньпин билан расмий саммит ва тушлик давомида қарийб уч соат вақт ўтказди. Унда томонлар савдо ва хавфсизлик, Украинадаги уруш, шунингдек, футбол ва Шекспир ҳақида суҳбатлашган. Музокаралар натижасида, Пекин британияликлар учун 30 кунлик визасиз режимга ва виски божларини икки баравар камайтиришга рози бўлди. Шу билан бирга, Британиянинг Астра Зенеса фармацевтика компанияси Хитойга 15 миллиард доллар сармоя киритишини эълон қилди.

Ҳар икки томон раҳбарлари ҳам муносабатлар илиқлашганидан мамнунлигини таъкидлаган. Фақатгина, АҚШ бундан норози ва Буюк Британияни Хитой хавфидан огоҳлантиришга уринмоқда. Аммо, на Британия ва на ЕИ унинг “насиҳатларига” қулоқ соляпти.
Хуллас, АҚШ тарифлари Хитойни заифлаштирмаяпти. Аксинча, улар Хитойга янги роль беряпти – иқтисодий альтернатив марказ, ҳатто геосиёсий “хавфсиз бошпана” сифатида. Трамп маъмурияти олиб бораётган иқтисодий агрессия – тарифлар, қайта музокаралар, босим ва ультиматумлар – АҚШни ишончли шерик эмас, балки хавфли контрагент (шартнома ёки битимда иштирок этувчи томонлардан бири) сифатида кўрсата бошлади. Натижада давлатлар “Хитойни ёқтиргани учун эмас”, балки АҚШдан чарчагани учун Пекинга яқинлашяпти. На мафкура, на қадриятлар бунга ҳалал бера олади. Бунда геоиқтисодий мантиқ шуки, давлатлар учун “муҳаббат” эмас, барқарорлик муҳим.
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль