Эгей денгизида мигрантлар кемаси ҳалокатга учради. Қурбонлар бор
Олам
−
04 Февраль 865 1 дақиқа
Кеча, 3 февраль куни Эгей денгизида мигрантларни ташиётган тезкор катер билан Греция Қирғоқ қўриқлаш хизмати патруль кемаси тўқнашиб кетиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Греция Қирғоқ қўриқлаш хизмати Туркиядан Грециянинг Хиос оролига бир неча ўн нафар мигрантни олиб кетаётган катерни аниқлаган. Патруль катерни тўхташга чақирган, бироқ у қочишга уринган. Кема билан катернинг айнан нимадан тўқнашгани ҳозирча номаълум.
Тўқнашув оқибатида катерда бўлган кўплаб одамлар сувга чўкиб кетган. Расмийларга кўра, денгиздан 14 нафар кишининг жасади чиқариб олинган. Яна бир киши шифохонада вафот этган. Турли даражадаги жароҳатлар билан 25 киши жабрланган, улар орасида 11 нафар бола, 2 нафар ҳомиладор аёл ва Қирғоқ қўриқлаш хизматининг 2 нафар ходими бор. Ҳодиса оқибатида ҳомиладор аёллар фарзандларини йўқотган. Уч нафар жабрланувчида зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўрта ер денгизида қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 50 нафар мигрант ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси