Энди “подъезд”лар ҳар ҳафта тозаланади
Жамият
−
30 Апрель 2027 2 дақиқа
Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳафтада 1 марта тозаланиши белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги кеча, 29 апрель куни давлат рўйхатидан ўтказган Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларида сўз боради.
Унга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқариш органлари томонидан умумий техник паспорт юритилиши белгиланди. Бошқариш органлари эса юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонлар соз ҳолатда сақланиши, хомашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ва хўжалик анжомларини сотиб олиш ишларини амалга оширади.
Шу билан бирга, кўп квартирали уйнинг фасад қисмларида ва умумий фойдаланиш ҳудудларида мулкдорлар умумий йиғилишининг қарори билан меъморчилик деталлари, рекламалар, афишалар ва эълонларни ўрнатиши мумкин бўлади. Уйларда шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги шарт деб белгиланди.
Уйлар (зинапоялар, лифтлар, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари ертўлалари ва бошқалар) туташ ҳудудлар заруратга кўра, бошқариш органи томонидан дератизацияланиши, дезинсекция ва дезинфекцияланади. Уйларнинг ертўла қисмидаги қувурларда авария ҳолати юзага келиши натижасида сув ёки оқова сув тўпланиб қолса бошқариш органи 24 соат мобайнида ертўладаги сув ва оқова массаларини чиқариб юбориши лозим бўлади.
Янги қоидада такидланишича, энди ҳафтада 1 марта кўп квартирали уйларнинг лифт хоналарини тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади.
Бундан ташқари, қоидаларга кўра, кўп квартирали уйларда қуйидагилар тақиқланади:
Ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни балконлар ва лоджияларга ўрнатиш;
Балконларда оғир буюмларни сақлаш;
Балконлар ва лоджияларнинг фасад (ташқи) қисмларида кир, кийим-кечак, гилам ва бошқаларни осиб қўйиш (ички қисми бундан мустасно);
Уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда, зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва лоджияларда сақлаш;
Кириш йўлакларининг зинапоя майдонларида ва зинапояларнинг остида ёнувчи материалларни сақлаш;
Умумий иссиқлик параметрларига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш (реконструкция) ишларини амалга ошириш, қўшимча иситиш юзаларига (иситилмайдиган юзалар) иссиқлик ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, умумий мулк таркибига кирувчи иссиқлик тизимларига ўзгартириш киритиш.
Шунингдек, автотранспорт воситаларини кўп квартирали уйлар ва унга туташ ер участкаларидаги газонлар усти, хиёбонлар, болалар майдончалари, тротуарларга, кириш йўлаклари қаршисига қўйиш тақиқланиши қоидада белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонада 2026-2030 йилларда эксперимент доирасида кўп қаватли уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилиши ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
БарчасиЭнди “подезд”лар ҳар ҳафта тозаланади
30 Апрель