Эпштейн қурбонлари АҚШ Адлия вазирлиги ва Google’ни судга берди
Олам
−
27 Март 3307 2 дақиқа
Бир гуруҳ Жеффри Эпштейн қурбонлари шахсий маълумотлар тарқалиб кетгани сабабли АҚШ маъмурияти ва Google компаниясига қарши жамоавий даъво аризаси билан чиқди. Бу ҳақда NBC хабар берди.
Шахсий маълумотлар сўнгги ойларда машҳур молиячи иши бўйича эълон қилинган “Эпштейн файллари”ни очиқлаш жараёнида ошкор бўлиб кетган.
“Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги орқали ҳаракат қилиб, омон қолган қурбонларнинг махфийлигини ҳимоя қилиш ўрнига маълумотларни тезкор ва оммавий равишда очиқлашга устувор аҳамият бериш ҳақида онгли сиёсий қарор қабул қилди”, дейилади даъвогарлар баёнотида.
Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ Адлия вазирлиги ўз ҳаракатлари билан Эпштейн қурбони бўлган тахминан 100 кишининг исм-шарифини очиқлаб юборган. Бутун дунёга уларнинг шахсий маълумотлари эълон қилингани алоҳида таъкидланмоқда.
Қайд этилишича, кейинчалик Адлия вазирлиги ушбу шахслар ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлаган, бироқ даъвогарларнинг фикрича, бу маълумотлар тармоқда, хусусан, Google орқали тарқалишда давом этмоқда. Хусусан, уларнинг шахсий маълумотлари ҳали ҳам қидирув натижаларида ва сунъий интеллект томонидан яратилган контентларда кўринмоқда.
“Омон қолганлар энди янги жароҳат (травма) билан юзма-юз келмоқда. Нотаниш кимсалар уларга қўнғироқ қилиб, электрон хатлар ёзишмоқда, жисмоний хавфсизлигига таҳдид солиб, уларни Эпштейн билан тил бириктирганликда айблашмоқда, ваҳоланки улар аслида қурбонлардир”, дейди даъвогарлар.
Улар АҚШ Адлия вазирлигидан ҳар бир жабрланувчига камида минг доллар миқдорида товон пули тўлашни, шунингдек, Google’дан жарима ундиришни талаб қилмоқда. Жамоавий даъво муаллифлари суддан Google зиммасига жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини зудлик билан ва бутунлай ўчириб ташлаш мажбуриятини юклашни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича янги ҳужжатлар пакетини эълон қилган эди. Улар орасидан ўзбекистонлик қизнинг ҳам исми чиққанди.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель