Эрон АҚШнинг 240 млн долларлик дронини йўқ қилди
Олам
−
18 Апрель 11004 2 дақиқа
Эрон мудофаа тизимлари АҚШ денгиз кучларига тегишли қиммат разведка дронини йўқ қилди. Бу ҳақда “Military Watch Magazine” хабар берди.
Хабарларга кўра, Форс кўрфази ҳудудида қиймати тахминан 240 миллион доллар бўлган MQ-4C Triton уриб туширилган. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари 14 апрель куни бу аппарат йўқолганини тасдиқлаган, бироқ тафсилотларни очиқламаган.
Маълум қилинишича, 9 апрель куни дрон парвоз кузатув тизимларида фавқулодда 7700 сигналини берган ва қисқа вақт ичида тахминан 15 км баландликдан 3 км дан пастга кескин тушиб кетган, шундан сўнг радарларидан йўқолган. Эрон ОАВлари эса бу ҳолатни ўз ҳаво мудофааси томонидан муваффақиятли уриб туширилган деб талқин қилган.
MQ-4C Triton АҚШ арсеналидаги энг қиммат ва технологик мураккаб учувчисиз аппаратлардан бири ҳисобланади. Унинг нархи 235–250 миллион доллар атрофида бўлиб, хизматда атиги 20 тага яқин шундай дрон мавжуд. Қиймати жиҳатидан у ҳатто айрим жанговар самолётлардан, жумладан F-15E қирувчи самолётлари ва MQ-9 зарба дронларидан ҳам қиммат туради.
Бу ҳодиса 2019 йилда содир бўлган воқеани эслатади. Ўшанда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси RQ-4A Global Hawk дронини Ҳормуз бўғози яқинида уриб туширганини маълум қилган эди.
MQ-4C Тритон аслида Global Hawk платформаси асосида яратилган бўлиб, узоқ масофали денгиз разведкаси учун мўлжалланган. У 13 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўта олади ва узоқ вақт давомида ҳавода қолиш имкониятига эга. Қурилмада замонавий радар тизимлари, оптик ва инфрақизил кузатув воситалари ҳамда радио разведка ускуналари мавжуд бўлиб, у орқали олинган маълумотлар реал вақт режимида сунъий йўлдош орқали узатилади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай дронлар жуда илғор бўлсада, кучли ҳаво мудофаа тизимлари мавжуд ҳудудларда уларнинг ҳимояси (яшовчанлиги) савол остида қолмоқда.
Шунингдек, хабарларда айтилишича, Эрон Исфаҳон яқинидаги ҳарбий объектларда ҳам фаол чоралар кўрмоқда: ерости ракета базаларига кириш йўллари тозаланган ва айрим аэродромларнинг учиш-қўниш йўлаклари вақтинча яроқсиз ҳолатга келтирилган.