Эрон урушнинг олтинчи кунигача нималарни йўқотди?

Олам

image

Олти кундирки Яқин Шарқ минтақасида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциялари давом этмоқда. Бир қатор тинч аҳоли ҳудудларига берилган зарбалар, ҳаво ҳудудларининг ёпилиши ва ҳужумга учраган давлатларнинг кескин баёнотлари сабаб минтақада хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат ўзгаришсиз қолмоқда. Хорижий ОАВлар томонидан эълон қилинган хабарларда таъкидланишича, сўнгги кунларда Эроннинг ракета ва дрон ҳужумлари сезиларли даражада камайган. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига, жумладан, ракета базалари, дрон иншоотлари ва денгиз флотига зарба беришда давом этмоқда.

Ракеталар сони кескин камайди

Ғарб расмийларига кўра, урушнинг биринчи кунида Эрон юзлаб ракета учирган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич ўнлаб ракеталаргача камайган. АҚШ Олий қўмондони генерал Ден Кейннинг маълум қилишича, Эроннинг баллистик ракета учиришлари уруш бошланганидан бери сезиларли даражада озайган. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) эса сўнгги 24 соат ичида ҳам ҳужумлар яна 23 фоизга камайганини билдирган. Урушдан олдин Эрон захирасида 2000 дан ортиқ қисқа масофали баллистик ракета борлиги тахмин қилинган. Бироқ ҳарбийлар ўз қурол захиралари ҳақидаги аниқ рақамларни одатда ошкор қилмайди.

Дрон ҳужуми ҳам сустлашган

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан олдин бир қанча расмий манбалар Теҳрон минглаб “Шаҳид” туридаги ҳужум дронларини ишлаб чиқарганини маълум қилган. Қайд этилишича, бу дронлар Россия томонидан Украинадаги урушда ҳам қўлланилган. АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, ҳозирда Эроннинг дрон ҳужумлари ҳам кескин камайган. Генерал Ден Кейннинг айтишича, можаро бошланганидан бери дрон ҳужумлари 73 фоизга қисқарган. Мутахассислар эса буни Эроннинг узоқ давом этиши мумкин бўлган уруш учун қурол захираларини тежашга уринаётгани билан изоҳламоқда.

Ракета базалари ва ҳарбий объектлар нишонга олинмоқда

Сунъий йўлдош тасвирлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида Эроннинг бир қатор ҳарбий объектлари зарар кўрганини кўрсатмоқда. Улар орасида Исфаҳон ракета иншоотлари, Кирманшоҳдаги ракета базаси, Конарак дрон базаси, Заҳедан авиабазасидаги радар тизими ва Натанз ядровий объекти бор. АҚШ ҳарбийларига кўра, ҳужумлар туфайли юзлаб ракеталар, дронлар ва ҳаво мудофаа тизимлари йўқ қилинган. Можаронинг биринчи кунида Эрон ҳукумати бинолари АҚШ ва Исроил зарбаларининг асосий нишонига айланди. Оқибатда Эроннинг Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва бир неча юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлди. 

Расмий манбаларнинг билдиришича, урушнинг олтинчи кунига келиб, АҚШ ва Исроил кучлари Теҳрон устидан ҳаво устунлигини қўлга киритган. Айни вақтда АҚШ ва Исроилнинг асосий нишони Эроннинг ракета учириш майдонлари, дрон базалари, қурол омборлари ва ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқариш заводлари ҳисобланади. АҚШнинг Яқин Шарқдаги марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, урушнинг кейинги босқичи айнан шу обектларни аниқлаб, йўқ қилишга қаратилади.

Эрон денгиз флоти ҳам зарба остида

ОАВ сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларга асосланиб, АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида камида 11 та Эрон ҳарбий кемаси шикастлангани ёки йўқ қилингани ҳақида хабар берган. Бандар-Аббос ва Конарак денгиз базаларида бир нечта кемалар ёниб кетганини тасвирларда кўриш мумкин. Шикастланган кемалар орасида Эроннинг энг йирик ҳарбий кемаларидан бири — IRINS Makran ҳам бор. АҚШ ҳарбийлари эса умумий ҳисобда 17 та Эрон кемаси йўқ қилинганини даъво қилмоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсетнинг айтишича, бугун, 5 март куни мамлакат сувости кемаси Ҳинд океанида Эрон ҳарбий кемасига торпедо билан зарба берган. Оқибатда кема Шри-Ланка қирғоқлари яқинида чўкиб кетган. Шри-Ланка расмийларининг маълум қилишича, кема бортида тахминан 180 киши бўлган. Қутқарувчилар ҳозиргача 80 га яқин жасадни топган, 32 киши қутқарилган. Қолганлар бедарак йўқолгани айтилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу ҳодисани халқаро сувларда содир этилган “ваҳшийлик” деб атаган.

Қурбонлар сони ошмоқда

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери Эронда 1000 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Исроилда эса бу кўрсаткич 11 киши экани айтилмоқда. Шунингдек, Қувайтдаги АҚШ авиабазасига ҳужумда 6 америкалик аскар вафот этган. Минтақада тобора уруш ўчоғига айланиб борар экан қурбонлар сони ҳам ўзгариши мумкин.

 400 йиллик тарихий ёдгорлик зарар кўрди

Теҳрондаги 400 йиллик Гулистон саройи ҳам портлашлар оқибатида зарар кўрган. Сарой UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, Эроннинг энг муҳим тарихий ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий ОАВга кўра, портлаш тўлқинлари оқибатида саройнинг ойнали деворлари, безаклари ва тарихий эшикларига зарар етган.

Эрон иқтисодий таназзулдами?

Ҳарбий тўқнашувлар сабаб Эрондан хабар олиш тобора қийинлашмоқда. Мамлакатнинг катта қисмида интернет узилгани сабабли янгиликлар оқими камайган. Бироқ хорижий ОАВларнинг маҳаллий манбаларга таяниб хабар беришича, Эронда иқтисодий босим ва хавфсизлик билан боғлиқ кескинликлар бир вақтда кучайиб, одамлар ҳаёти янада оғирлашган. Аслида иқтисодий муаммолар анча йиллар олдин бошланган. Бу инқироз йиллар давомида халқаро санкциялар ва иқтисодий бошқарувдаги муаммолар сабаб шаклланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил февраль ойида Эронда инфляция даражаси 68,1 фоизга етган. Бу сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда озиқ-овқат нархларида кескин ошмоқда. Ўтган йил билан солиштирганда, умумий озиқ-овқат нархлари 110 фоиз, нон ва дон маҳсулотлари 142 фоиз, гўшт 117 фоиз, сут маҳсулотлари 108 фоиз, мевалар 113 фоиз ва ўсимлик мойи 207 фоизга қимматлашган.

2025–2026 йилларда маошлар тахминан 45 фоизга ошган, холос. Оқибатда кўплаб оилалар озиқ-овқат ва дори-дармон харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, иш ташлашлар нефт ва логистика тизимининг айрим қисмларига ҳам таъсир қилган. Бу эса транспорт ва таъминот занжирларида узилишларга олиб келган. Умуман олганда, Эрон бугунги кунга келиб қатор инқирозлар ичида кун кечирмоқда. 

Урушнинг кейинги тақдири 

АҚШ Президенти Дональд Трамп уруш 4–5 ҳафта давом этиши мумкинлигини, аммо зарурат бўлса ундан ҳам узоқроқ муддатга чўзилишини маълум қилган. Эрон томони ҳам Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманайининг ўлими ортидан қасос муқаррарлигини ва тарихдаги энг шиддатли ҳужумлар ҳали олдинда эканини билдирган. Таҳлилчиларнинг фикрича, можаро бир неча хил сценарий билан якунланиши мумкин. Жумладан, Эрон режимининг заифлашиши ёки парчаланиши, янги раҳбарнинг янада кескин сиёсат юритиши, минтақада Исроил таъсирининг кучайиши ёки узоқ давом этадиган беқарорлик. 

Мутахассислар Яқин Шарқдаги вазият яқин ҳафталарда глобал сиёсат ва энергетика бозорларига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яқин Шарқ Исроил Эронг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг