Эронда ҳокимият тепасига Паҳлавийнинг келиши ҳақида гапиришга эрта – Трамп

Олам

image

Ҳозирча Эроннинг сўнгги шоҳининг тўнғич ўғли Ризо Паҳлавий ислом республикасида қўллаб-қувватланиши мумкинлиги ҳақида гапиришга эрта.  Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп сўз очди. 

“У жуда ёқимтой кўринади, лекин унинг ўз мамлакатида қандай роль ўйнашини билмайман. Аслида, биз ҳали бу босқичга етиб келганимиз йўқ. Биз кўп нарсани ўрганяпмиз. Аммо ҳали гапиришга эрта. Унинг ўз мамлакати билан қандай муносабатда эканлигини билмайман”, деган Трамп “Reuters” агентлигига берган интервьюсида. 

Трамп сўзида давом этаркан, Эрон халқи Паҳлавийни давлат бошига келишини хоҳлайдими ё йўқ, буни билмаслиги, аммо АҚШ Паҳлавий Хоманаийнинг курсисини эгаллашига қарши эмаслигини, нима бўлганда ҳам ҳозирги жараён қизиқлигини айтган. 

“Ҳар қандай тузум қулаши мумкин. У ағдарилса ҳам, ағдарилмаса ҳам, бу қизиқарли давр бўлади”, дейди Трамп. 

Ризо Паҳлавий 1960 йилда Теҳронда туғилган, 1967 йилда валиаҳд шаҳзода унвонини олган ва отаси Муҳаммад Ризо Паҳлавий вафотидан сўнг тахтни эгаллаши керак эди. Бироқ 1979 йилги Ислом инқилоби натижасида Эрондаги монархия ағдарилди ва сўнгги шоҳнинг оиласи меросхўри билан бирга мамлакатдан қочишга мажбур бўлди. 1980 йилда отасининг вафотидан кейин, сўнгги шоҳнинг фарзандлари орасида энг каттаси бўлган Ризо Паҳлавий Паҳлавийлар хонадонини бошқарган ва ҳамон тахтга даъвогарлик қилмоқда. Ҳозирда у АҚШда истиқомат қилади ва ҳозирги Эрон ҳукуматига мухолифатда туриб, сиёсий муҳожирлар томонидан ташкил этилган ва Парижда жойлашган, фаолияти ислом республикасида тақиқланган Эрон Миллий кенгашини бошқармоқда. 

Эрондаги норозиликлар 29 декабрда риал курсининг кескин тушиши туфайли кўча намойишлари билан бошланган ва кўплаб йирик шаҳарларга тарқалган. Ҳокимият вакиллари 40 га яқин ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлганини маълум қилди. 8 январдан бошлаб, Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчининг сўзларига кўра, намойишчилар сафида қуролланган террорчилар пайдо бўлган. Эрон раҳбарияти тартибсизликларни уюштирганлик учун масъулиятни Исроил ва АҚШ зиммасига юклади. Илгари Трамп ислом республикасига қарши куч ишлатиш имкониятини жиддий кўриб чиқаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ризо Паҳлавий Эрондаги намойиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг