Фарғонада хотинини бўғиб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
25 Октябрь 6149 2 дақиқа
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида оилавий можаролар сабаб хотинини дурра билан бўғиб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Аниқланишича, вилоятнинг Тошлоқ туманида жойлашган “Чек” МФЙнинг “Навбахор” кўчасида яшовчи эркак турмуш ўртоги билан узоқ муддатдан бери оилавий келишмовчиликлар сабаб жанжаллашиб келган. Қотиллик содир бўлган тунда ҳам ака-укалар бирга яшайдиган уйдан бошқа жойга кўчиб кетиш масаласида эр ва хотин орасида келишмовчилик юзага келган ва эркак аёли ухлаб ётган пайтда ётоқхонада бўлган дурра билан уни бўғиб ўлдирган.
Кейинроқ эркак аёлининг оила аъзоларига у ўзини осиб қўйганини айтган. Шундан сўнг, эр ва хотинннинг қариндошлари аёлнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарни яширишга ҳаракат қилган ва улар қўшниларга аёлнинг қон босими тўсатдан тушиб кетиши оқибатида вафот этганини айтишган.
Бироқ, поччасининг сўзларидан шубҳаланган марҳуманинг синглиси ўлимнинг асл сабабини билиш мақсадида туман прокуратурасига мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан қабр қайта очилиб, мурдада суд-тиббий экспертизаси ўзтказилганда аёлнинг ўлимида қотиллик аломатлари борлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан эркак Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2- қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айланиб, унга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида қайнука поччасини ўлдириб, жасадини қопда қабристонга кўмиш учун олиб кетаётган пайт қўлга олинган эди.
Бунёд Келдибоев