Фарғонада машина бакига 11 кг наркотикни яширган шахс ушланди
3-саҳифа
−
06 Январь 3184 2 дақиқа
Фарғонада 11 килограммдан зиёд наркотик моддаларни автомашинанинг ёқилғи бакида яширинча олиб киришга уриниш фош бўлди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Равот” чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда аниқланган навбатдаги ҳолатда қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги Lacetti автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Божхона назоратининг техник воситалари кўмагида ўтказилган кўрик давомида автотранспорт воситасининг ёқилғи бакига шубҳали жисмлар яширилгани аниқланган. Шундан сўнг белгиланган тартибда ва холислар иштирокида ушбу бак очиб кўрилганида, унинг ичига 6945 дона “Рояль” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 3 турдаги гиёҳвандлик воситалари яширилгани фош бўлган.

Жумладан, 10 кг 739 гр “гашиш”, 412 гр “марихуана” ва 35 гр “опий” – жами 11 кг 186 граммга тенг гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ҳайдовчи тожикистонлик шахснинг буюртмасига биноан 2 минг АҚШ доллари эвазига мазкур гиёҳвандлик воситаларини божхона чегараларидан олиб ўтиши ва ўз уйидаги боққа кўмиб қўйиши, кейинчалик тожикистонлик шахснинг ўзи ушбу наркотик моддаларни олиб кетиши режалаштирилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йил давомида 1,8 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан синтетик наркотик моддаларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган. Бу 2024 йилга нисбатан 1,8 баробарга кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида Тожикистондан келтирилган жами 32 килограмм наркотик модда ушлаб қолингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси