Фарғонада наркотик ортидан 5 киши қамалди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган 5 киши 12 йилдан 15 йилгача қамалди. Бу ҳақда Давлат хавфизлик хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона вилоятида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган. 

Олинган маълумотларга кўра, муқаддам наркокуръерлар томонидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Ёзёвон туманидаги дала майдонига беркитиб кетилган.

Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган хусусий тадбиркор ҳамда унинг 1989 йилда туғилган жиноий шериги мазкур хуфия жойдан 9 кг 896 гр “гашиш” моддасини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.

Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан 110 гр “опий” моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида эса мазкур ноқонуний ишга 1990 ва 1995 йилларда туғилган ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман судининг ҳукмига мувофиқ, ушбу 5 нафар судланувчига тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 246-(контрабанда), 273-(гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 276-моддалари (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилиб, 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида пенсионерлардан ташкил топган гуруҳ наркотик моддаларини тарқатгани учун қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона гашиш наркотик опий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг