Энди халқ мурожаатини ўрганмаганларга қийин бўлади

Таҳлил

Мактаб ўқувчиларининг қувурлар устидан юришга, ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур қилган масъулларни шахсан президент танқид қилди. Энди алимент тўловчиларга ҳам четга чиқиб ишлаш имкони берилиши мумкин. Президент ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатини қоралади. Халқни қийнаётган муаммолар билан яхши ишламаётган вазирлик ва ҳокимликлар номи очиқ айтилди. Халқ қабулхоналари энди бошқача ишлашни бошлайди. Яқин дақиқалар давомида мана шу мавзуларни шарҳлаймиз.

Жорий йил 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистонда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани очиқланди. Бу рақамларни камайтириш ва аҳоли вакилларини рози қилиш вазифаси эса ҳудуд раҳбарларига ишониб топширилган. Аммо улар орасида кўзбўйямачилик қилаётган, “Бажардингми? Бажардим!” форматида ишлашга уринаётганлар борлиги айтилди. 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрган ҳокимлар танқид қилинди.

“Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш. Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди”, – деди Президент.

Яқиндагина Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва жуда кўпчиликда норозилик кайфиятини уйғотган вазият ҳам муҳокама қилинди.  Сергели туманидаги “Жунариқ” каналидан ўтган кўприк икки ой таъмирланмай ётгани, ҳолат омма эътиборига тушганидан кейингина масъуллар ҳаракатга келгани танқид қилинди.

МИБ ва алимент мавзуси бизнинг жамиятда турли кулгули, аччиқ, оғриқли муаммоларни кўрсатиб берувчи вазиятлар билан тез-тез тилга олинади. Сандиққа, томга, ертўлага, хонтахта тагига, иккинчи хотинининг уйига беркинишга уринган оталарни назарда тутяпмиз. Статистикага эътибор беринг. 2025 йилда алимент билан боғлиқ 70 мингта мурожаат келиб тушган. Лекин алимент тўловчининг расмий даромади бўлмагани учун мурожаатларнинг 30 фоизи ҳал этилмаяпти.

Президент ИИВ тизимидаги ходимлар муомаласини тўғрилаши зарурлигини ҳам айтди. Ўтган йили ички ишлар ваколатидаги масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Улар орасида ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўплиги қайд этилди.

Давлат Раҳбари мурожаатлар билан ишлашда энг орқада қолган вазирликлар ҳамда ташкилотларни ҳам аяб ўтирмади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги 58 фоизига ечим бериш ўрнига юзаки жавоб бериш билан чекланганини қоралади.

“Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгариб, шахсий масалада эмас, маҳалласидаги шароитни яхшилаш юзасидан таклиф беришни афзал кўряпти. Лекин муаммоси ҳал бўлмаган одамлар раҳбарлар қабулини ташкил қилиб беришни Президентдан сўраяпти. Энди бу тизим ўзгаради. Ҳокимлар аризада кўтарилган масалани ҳал қилишнинг ўзи билан чекланмайди. Аксинча, муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан ишлаши керак” – деди давлат раҳбари.

Энди Халқ қабулхоналари бошқача ишлашни бошлайди. Улар яна ҳам кўпроқ халқ учун фойда бериши кераклиги айтилди. Бунинг учун Президент Администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жамлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Тилга олинган ҳар бир рақам ва ҳар бир танбеҳ ортида оддий инсонларнинг тақдири, уларнинг дард-у ташвиши ётибди. Қувур устидан юришга мажбур бўлган ўқувчилар, алиментини тўлай олмай қочиб юрган отанинг масъулияти ёки ИИВ ходимининг қўпол муомаласи – булар шунчаки бир гапириб ўтиб кетиладиган нарса эмас, тизимдаги оғриқли нуқталардир. Энди асосий масала – ўзгаришлар қоғоздаги ҳисоботларда эмас, одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлиши керак. Халқ қабулхоналари “шунчаки қабул қилувчи” эмас, балки муаммони илдизи билан ҳал қилувчи кучга айланиши шарт. Зеро, давлат раҳбари таъкидлаганидек, халқ розилиги – ислоҳотларнинг энг олий баҳосидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент ИИВ сайёр қабул Олий таълим вазирлик ички ишлар Халқ норозилик муаммолар ташкилотлар танқид Мактаб ўқувчилари ҳокимликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг