Гонконг тарихидаги энг ҳалокатли ёнғин. Фожиа ҳақида нималар маълум? (фоторепортаж)
Олам
−
27 Ноябрь 7062 3 дақиқа
Гонконгда содир бўлган йирик ёнғинда 55 киши ҳалок бўлди. Яна 45 нафар жароҳатланган шахс оғир аҳволда. Тайпо туманидаги тураржой мажмуасида содир бўлган ёнғиндан кейин 279 нафар аҳоли бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Олов бир вақтнинг ўзида бир нечта баланд биноларни қамраб олган.
Гонконгдаги бу ёнғин шаҳар тарихидаги тураржой биносида содир бўлган энг ҳалокатли ёнғин бўлди. Қуйида нималар содир бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ёнғин кеча, 26 ноябрь куни тахминан 4 минг аҳоли яшайдиган Тайпо мажмуаси биноларидан бирида бошланган. Дастлаб ёнғин биринчи тоифа деб баҳоланган, бироқ маҳаллий вақт билан 15:34 да хавф даражаси тўртинчи даражага, 18:22 да эса энг юқори – бешинчи даражага кўтарилган. Гонконгда сўнгги марта бешинчи даражали ёнғин 2008 йилда, тунги клубдаги ёнғинда қайд этилган. Ўшанда 4 киши ҳалок бўлган, 55 киши жароҳат олган.


Мажмуада кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилган. Тарқатилган кадрларда олов аввал бамбукдан қурилган қурилиш тўсинларини қамраб олгани кўринади. Ёнган яшил қурилиш сеткаларининг бўлаклари ерга тушиб, ёнғиннинг тарқалишини тезлаштирган. Тўсинлар бўйлаб олов бинолар фасадлари бўйлаб тез кўтарилган. Аҳолининг бир қисми биноларнинг ичида қолиб кетган. Ўт ўчирувчилар борган пайтда олов бир неча бинони бирданига қамраб олиб улгурган.


Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳукуматнинг реакцияси суст бўлган. Улар комплекс яқинида ёнғин станцияси жойлашганини, бироқ ўт ўчирувчилар жуда кеч етиб келганини айтган. Шунингдек, ёнғинни ўчиришда сув ташувчи вертолётлар қўлланмаганини танқид қилмоқда.

“Бу ерда тўлиқ тартибсизлик. Ҳукуматдан ҳеч қандай кўрсатма йўқ”, дейди гувоҳлардан бири.

26 ноябрь куни кечқурун расмийлар 36 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлаган. 27 ноябрга ўтар кечаси қурбонлар сони 44 тага етган, эрталаб эса 55 нафар деб маълум қилинган. Комплекснинг 279 нафар аҳолиси ҳали ҳам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Шаҳар раҳбари Ли 21:30 га келиб 900 га яқин аҳоли вақтинчалик бошпаналарга эвакуация қилинганини маълум қилган. Ёнғин етти блокдан тўрттасида жиловланган, қолган учтасида қутқарувчилар ишни давом эттирмоқда. Қидирув ишлари қуйи қаватлардан бошланган ва 13-23-қаватларга қараб давом эттирилмоқда. Кутилишича, ўт ўчирувчилар кечга бориб юқори қаватларга ҳам чиқади. Ҳодиса жойида 26 та қутқарув гуруҳи ишламоқда. Ўт ўчирувчилар нафақат одамларни, балки мушук ва ит каби уй ҳайвонларини ҳам олиб чиққан.

“South China Morning Post” хабарига кўра, Гонконг суғурта бозорини 334 миллион доллар миқдоридаги рекорд даъволар кутмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ёнғин келаси йилда шахсий ва мол-мулк суғурталари бўйича тўловлар кескин ошишига олиб келади.

Бугун, 27 ноябрь эрталабга келиб зарарланган биноларнинг барча қаватларидан ҳали ҳам тутун чиқаётгани, ҳавода куйган пластик ҳидини сезиш мумкинлиги айтилмоқда. Вақти-вақти билан фасад бўлаклари қулаб тушмоқда. Камида тўртта баланд автоматик нарвонлар ёнғин ўчиришда ишлатилмоқда.

Мутахассислар ҳарорат 550-600 даражагача етаётгани туфайли биноларнинг конструктив яхлитлиги зарар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Политехника университети доценти Хо Винг-ипнинг айтишича, иссиқлик туфайли бетон деворлардаги арматуралар заифлашган бўлиши мумкин. Унинг фикрича, узоқ вақт ёниб турган биноларни таъмирлашдан кўра уларни бузиб, янгисини қуриш мақсадга мувофиқроқ бўлади.

Ҳодиса вақтида мажмуада кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Ёнғин бамбукдан ясалган қурилиш тўсинлари бўйлаб жуда тез тарқалган, аммо ёнғиннинг аниқ сабаби ҳали аниқланмаган. Аҳоли ярим йил давомида ишчилар иш вақтида чекишгани ҳақида шикоят қилиб келган.

Хавфсизлик вазири Крис Тангнинг айтишича, дастлабки текширув натижалари жиддий саволлар туғдирмоқда. Унинг сўзларига кўра, олов ҳаддан ташқари тез тарқалган ва вазиятни ойналарни маҳкамлаш учун ишлатилган пенопласт янада оғирлаштирган.
Live
Барчаси