ИИО ва Миллий гвардия ходимларининг талабини бажармаганлик учун жарималар оширилди
Олам
−
01 Август 5623 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ички ишлар органлари ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Шуни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кеча, 31 июль куни қабул қилинди.
Янги қонун билан эндиликда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 12 бараваригача (2 млн 60 минг сўмдан 4 млн 944 минг сўмгача) миқдорда жаримага сабаб бўлади. Олдин бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима белгиланган эди. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 12 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 944 минг сўмдан 12 млн 360 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормалар белгиланди. Хусусан, сотувчи олди-сотди шартномасида кўрсатилган муддатда товарни топшириш бўйича мажбуриятини бажармаганда, кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши кўзда тутилди. Бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги керак.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, барча озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фақат ёдланган туздан фойдаланилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун жорий йил 21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 28 майда эса Сенат томонидан маъқулланганди.
Live
Барчаси