Икки вилоятда “свет” ва газ ходимлари пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
13 Март 4554 1 дақиқа
Наманган ва Сурхондарё вилоятларида электр ва газ таъминоти ходимларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилоятининг Косонсой тумани электр тармоқлари корхонасининг 2 нафар муҳандиси ўз хизмат мавқеиларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорнинг ишончига кириб, у томонидан ўзига тегишли МЧЖ биносига ўрнатилган, қуввати 50 кВт.ли қуёш панели ва бошқа бажарилган ишлар учун техник шарт ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 17 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса “Узунтумангаз” газ таъминоти бўлими ходими 1977 йилда туғилган фуқарога тегишли газ ҳисоблагичнинг носозлиги туфайли юзага келган 23 млн сўм миқдоридаги қарздорлигини сўндириб бериш ва тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига 5 млн сўм пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Шунингдек, ушбу ғайриқонуний ишга унинг 1988 йилда туғилган ҳамкасби ҳам алоқадор эканлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Кадастр агентлиги бўлими бош инспектори пора билан қўлга тушганди.
Live
Барчаси