Имомали Раҳмон Ўзбекистонга келади
Жамият
−
25 Март 8260 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон жорий йилнинг 26-27-март кунлари давлат ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Бўлажак тадбирлар кун тартибидан Ўзбекистон–Тожикистон дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ҳамда транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кенг кўламли маданий ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.
Қолаверса, бир қатор янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида қатнашиш учун Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон амалий ташриф билан Тошкентга келганди.
Live
Барчаси