Испания 500 минг нафар муҳожирга қонуний мақом беради
Олам
−
28 Январь 1421 2 дақиқа
Кеча, 27 январь куни Испания ҳукумати мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда яшаб келаётган 500 минг нафар муҳожирга бир йиллик қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномаси беришни маълум қилди. Бу ҳақда “NewsWeek” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур қарор Испаниянинг меҳнат бозорида ишчи кучи танқислиги ҳамда муҳожирларнинг катта қисми иқтисодиётнинг асосий соҳаларида норасмий ишлаётгани сабаб қабул қилинган.
“Ҳукумат мамлакатимизда яшаб келаётган инсонларни қадрлайди ва уларни тан олади”, дейди Испания Миграция вазири Эльма Саис.
Унинг айтишича, муҳожирлар қонуний ҳужжатга эга бўлиши учун бир қатор талабларга мос келиши шарт. Жумладан, мамлакат ҳудудида камида беш ой давомида яшаган бўлиши, жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши, Испанияга 2025 йил 31 декабргача кириб келган бўлиши лозим.
Янги чора-тадбир орқали муҳожирлар расмий меҳнат шартномаси асосида ишлаш, давлат тиббий хизматидан фойдаланиш, ижтимоий суғурта тизимига қўшилиш, болаларини мактаб ва боғчаларга қонуний жойлаштириш имкониятига эга бўлади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу қарор муҳожирларнинг эксплуатация қилиниши, кам маошли ва хавфли меҳнатга мажбур бўлиш ҳолатларини камайтиради.
Шунингдек, ушбу жараён Испания иқтисодиёти учун ҳам фойдали. Расмий мақомга эга бўлган муҳожирлар солиқ тўлай бошлайди. Бу сиёсат мамлакатда яширин меҳнат бозорини қисқартиради, давлат бюджетига тушумни оширади.
Расмийларга кўра, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи кучига бўлган талаб юқори бўлиб қолмоқда. Шу сабабли ҳукумат хорижликларни иқтисодиётга интеграция қилиш орқали ишлаб чиқариш барқарорлигини сақлаб қолишни мақсад қилган.
Янги ташаббус муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан ижобий қарши олинди. Улар бу қарор муҳожирларга ҳуқуқий аниқлик ва ижтимоий ҳимоя беришини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, айрим сиёсий кучлар мамлакатга мигрантлар оқими ортиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бироқ ҳукумат бу чора вақтинчалик ва назоратли эканини, барча муҳожирларга автоматик равишда эмас, балки фақат белгиланган талабларга жавоб берувчиларга нисбатан қўлланилишини маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, янги тартиб тахминан 500 минг нафар муҳожирга наф келтириши мумкин. Айрим мустақил ташкилотлар эса Испанияда ҳужжатсиз яшовчилар сони 800 минг нафаргача етиши мумкинлигини билдирмоқда.
Суннатова Фарангиз