Қизнинг уйини сотиб юборган “куёв” ушланди
3-саҳифа
−
24 Октябрь 23976 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда бўлажак куёв алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборгани ҳақида хабар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Йигит қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога 240 000 АҚШ долларига сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бундан ташқари бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
Барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига юборилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши доирасида суд жараёнлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада қизга уйланмоқчи эканлигини айтиб, унинг ишончига кирган ва қизни узоқ муддат “соғиб” юрган йигит 6 йилга қамалган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси