Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум санаси эълон қилинди
Олам
−
11 Февраль 730 2 дақиқа
Бугун, 11 февраль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни мамлакатда янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 12 февраль куни эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳаси овозга қўйилади. Референдум бюллетенига фуқаролар учун қуйидаги савол киритилади: “Сиз 2026 йил 12 февралда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қиласизми?”
Маълум қилинишича, фармон матни ва янги Конституция лойиҳаси 12 февраль куни расман эълон қилинади. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Марказий референдум комиссияси функцияларини бажарадиган Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига, шунингдек, ҳудудий сайлов участкаларига юклатилган.
Ҳукуматга эса Марказий сайлов комиссияси ҳамда маҳаллий ижро этувчи органлар билан ҳамкорликда референдумни ўтказиш учун зарур ташкилий чораларни кўриш топширилган. Фармон расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Конституцияси матнининг 80 фоиздан ортиғи қайта ёзилиши, тузатишлар 77 та моддани қамраб олиши ҳақида хабар берилганди.
Конституциявий ўзгаришлар:
1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.
Жамшидбек Амиров