Хави Мессининг нима сабаб “Барселона”га қайтолмаганини очиқлади
Спорт
−
09 Март 1494 1 дақиқа
“Барселона”нинг собиқ бош мураббийи Хави Эрнандес Лионель Мессининг клубга қайтиши амалга ошмай қолганининг сабабларини очиқлади. Бу ҳақда Хави “La Vanguardia” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Испаниялик мутахассиснинг айтишича, Месси 2022 йилги жаҳон чемпионатидан кейин “Барселона”га қайтишга жуда яқин бўлган.
“Мессининг 2022 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин “Барса”га қайтиши деярли ҳал бўлган эди. Лео қайтишни хоҳларди, бизда Ла Лигадан ҳам рухсат бор эди. Аммо Жоан Лапорта трансферни тўхтатди. У менга агар Месси қайтса, маошлар бўйича катта муаммолар бошланишини ва клуб бунга тайёр эмаслигини айтди”, дейди Хави.
Унинг таъкидлашича, Мессининг “Барселона”га қайтмаслиги ҳақидаги турли миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Месси “Барселона”га шунчаки Лапорта уни хоҳламагани учун қайтмади. Бу на Ла Лига талаблари, на Леонинг отаси кўпроқ пул сўрагани билан боғлиқ. Буларнинг барчаси ёлғон. Аслида клуб бунга тайёр эмаслигини айтган шахс Лапорта”, дея қўшимча қилди Хави.
Маълумот учун, ўша трансфер ойнасида “Барселона”га қайтолмаган Месси “Интер Майами” сафига бориб қўшилган эди.
Live
Барчаси