Лондонда “Ўғирланмаган келин” фильми қаҳрамонларига ҳайкал қўйилди (видео)

Маданият-санъат

image

Англиянинг Лондон шаҳрида Болливуднинг машҳур фильмларидан бири “Ўғирланмаган келин” фильми қаҳрамонлари Раж (Шоҳруххон) ва Симран (Кажол)нинг бронза ҳайкали тантанали равишда очилди. Бу ҳақда “Hindustan Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳайкал фильмнинг 30 йиллик юбилейига бағишланади. Ҳайкал Лондоннинг Лестер-сквер майдонида ўрнатилган. Бронза ҳайкал фильмнинг машҳур саҳнасидаги Раж ва Симран образларини акс эттиради. “Ўғирланмаган келин” Scenes in the Square йўлакчасида ҳайкалга эга бўлган биринчи ҳинд филми ҳисобланади.

Очилиш тадбирида фильм юлдузлари Шоҳруххон ва Кажол ҳам иштирок этган ва маросимни уларнинг ўзи очиб берган.

Шоҳруххон ўзининг Instagram'даги саҳифасида пост қолдириб, Раж ва Симраннинг бронза ҳайкалини очганидан жуда хурсандлигини билдирган.

“Катта-катта мамлакатларда кичик-кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради, сеньорита! Буюк Британиядаги барчага миннатдорлик билдираман. Агар Лондонга борсангиз, Раж ва Симранни кўриб кетинг”, дейди актёр.

Маълумот учун, “Ўғирланмаган келин” фильми режиссёр Адитья Чопра томонидан 1995 йилда суратга олинган. Бош ролларни Шоҳруххон (Раж) ва Кажол (Симран) ижро этган. Фильм Раж ва Симран исмли икки ёшнинг севги тарихини ҳикоя қилади. Раж Лондонда яшовчи мустақил ва озод фикрли йигит, Симран эса анъанавий оилада улғайган қиз бўлиб, ота-онасининг қоидаларига амал қилади. Уларнинг йўллари Европада тўқнашади ва улар бир-бирига ошиқ бўлади. Лекин Симраннинг ота-онаси уни анъанавий тарзда бошқа йигитга турмушга чиқаришни режалаштиради. Фильм асосан оила қадриятлари, севги ва жасорат мавзуларини акс эттиради.

“Ўғирланмаган келин” киноси бутун дунёда севиб томоша қилинади. Раж ҳамда Симран образлари кино ихлосмандлари қалбида абадий қолган. Фильм Ҳиндистон киносида энг узоқ давом этган фильм сифатида рекорд ўрнатган ва Мумбайдаги Маратҳа Мандир кинотеатрида 25 йилдан ортиқ вақт давомида намойиш этилган.

Фильм севги ва анъаналар ўртасидаги зиддият, жасорат ва мустақиллик мавзуларини очиб беради ва кўплаб кейинги ҳинд романтик фильмларига илҳом берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Лондон Ўғирланмаган келин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг