Магистратура учун ҳам қўшимча қабул эълон қилинди
Жамият
−
27 Сентябрь 6593 1 дақиқа
Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилига магистратура учун қўшимча қабул очилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий ўқув йили учун магистратура босқичига қабул натижалари тасдиқланган ва олий таълим ташкилотларига етказилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, белгиланган квота доирасида ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун қўшимча қабул имконияти мавжуд.
Бунда олийгоҳларнинг қуввати, моддий-техник базаси ва профессор-ўқитувчилар таркиби инобатга олинади. Қўшимча қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўшимча қабулда иштирок этишни истаган талабгорлар зарур маълумотларни олиш учун олий таълим муассасаси қабул комиссияси ёки магистратура бўлимига мурожаат қилиши мумкин.
Давлат ОТМлари магистратурасига қўшимча қабул асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олийгоҳ томонидан мустақил белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси баёнига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишларида қолган вакант ўринларга қўшимча қабул амалга оширилиши ҳақида хабар берилган эди.