Марказий Осиё ва Италия етакчилари нималарга келишиб олди?
Олам
−
30 Май 4588 5 дақиқа
Бугун, 30 май куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” биринчи саммити бўлиб ўтди ва саммит якунлари бўйича Қўшма декларация қабул қилинди. Ҳужжат матни Оқўрда сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, етакчилар 2024 йилда Рим шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Италия” форматидаги учинчи вазирлар конференцияси натижаларидан сўнг қўлга киритилган тараққиётни қайд этди ҳамда ўзаро қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган шерикликни мустаҳкамлашга содиқ эканини тасдиқлади. Марказий Осиё давлатлари ва Италия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва Европарламент, шунингдек, бошқа кўп томонлама платформалар доирасидаги алоқалар кенгайиб бораётгани таъкидланган.
Шунингдек, Италия ҳукумати раҳбари Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Бу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, кўп томонлама ҳамкорлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва умумий таҳдидларга жавоб беришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Етакчилар 2025 йил 13 март куни Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганини ҳамда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегаралари туташ нуқтаси бўйича келишувни олқишлаб, бу ҳолат минтақада тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар фаоллашувини олқишлади. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Стратегияси ва 2023 йилда ишлаб чиқилган қўшма “Йўл харитаси” алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. 2025 йил 27 март куни Ашхободда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” 20-вазирлар учрашуви ҳамда 2025 йил 3–4 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” илк Саммити стратегик шериклик даражасини кўтариб, алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлгани таъкидланди.
Шунингдек, етакчилар БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Италиянинг минтақадаги хавфсизлик, экология ва инфратузилма соҳаларидаги ташаббуслари, ҳамкорлик ва инновацияларга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлади.
Барча давлатлар етакчилари тинчлик, хавфсизлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги ҳамда барқарор ривожланиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш ниятини билдирди. Етакчилар БМТ Низомининг тамойилларига – давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш, куч ишлатиш ёки таҳдид қилишдан воз кечиш ва халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга содиқликларини яна бир бор тасдиқлади.
“Африка қитъасида барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида Италиянинг Маттей режаси доирасидаги стратегик ёндашувига мувофиқ ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилишга тайёрлик билдирилди”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, глобал хавф-хатарларга қарши курашишнинг муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, иқлим ўзгариши, терроризм, кибертаҳдидлар, экстремизм, ноқонуний миграция, наркотиклар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари (жумладан, фентанил) савдосига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини кучайтириш, экстремизмнинг олдини олиш, дерадикализация чоралари ва ахборот алмашинуви, тажриба, билим ва малака ошириш каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.
“Марказий Осиё ва Италия ўртасида иқтисодий алоқалар барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди ва савдо-иқтисодий муносабатлар, инвестициялар ва кичик ҳамда ўрта бизнесни ривожлантиришда ҳамкорликни чуқурлаштиришга содиқлик билдирилди.
Нафақат табиий ресурслар, балки иқлим, энергетика (шу жумладан қайта тикланувчи манбалар – қуёш, шамол, гидроэнергетика ва ҳ.к.), муҳим хом ашёлар, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида ҳамкорликни кучайтириш чоралари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Орол денгизи инқирози, музликларнинг эриши, тоғли ҳудудларни барқарор ривожлантириш, сув ресурслари бўйича самарали технологияларни жорий қилиш соҳаларидаги ташаббуслар ҳамда Италиянинг экология соҳасидаги лойиҳалардаги иштироки олқишланди. Марказий Осиё давлатларининг қайта тикланувчи энергетика ва водород ишлаб чиқариш соҳасидаги салоҳияти эътироф этилди.
Бундан ташқари, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Италия темирйўл ва логистика компаниялари мазкур соҳадаги лойиҳаларда иштирок этишга чорланди. Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожи умумий устувор йўналиш сифатида белгиланди.
“Критик хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ масалаларга ечим топиш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш орқали барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш мақсадида ўзаро фойдали ҳамкорлик йўллари излашга келишиб олинди.
Йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларининг иқтисодий, экологик ва шаҳарсозлик таъсирини инобатга олган ҳолда, аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш ва барқарор ўсишни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, илмий-техникавий билим алмашинуви, муассасавий ҳамкорлик бўйича қатор ташаббуслар ишга тушириш бўйича келишувга эришилди. Жумладан, 2026 йилгача “Марказий Осиё – Италия” форматида сув ресурслари бўйича давра суҳбати ҳамда 2027 йилда энергетика соҳасида, хусусан, барқарор энергия ишлаб чиқариш ва унинг самарадорлигини ошириш технологиялари бўйича давра суҳбати ўтказиш таклиф қилинди.
Энергетика, сув, барқарор қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва ўзаро боғлиқлик соҳаларида билим алмашув платформаларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Шу маънода, олти давлат ўртасидаги билим алмашув тармоғи шакллантирилиши олқишланди. Италиянинг технологиявий дастурлардаги иштироки минтақавий инновация ва ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил сифатида қайд этилди.
“Миграция, техник ва касбий таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Илмий-тадқиқот, академик алмашинув, туризм, ёшлар алмашинуви, инсонпарварлик алоқаларини чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши қайд этилди”, дейилади ҳужжатда.
Келгуси “Марказий Осиё – Италия” саммитини 2027 йилда Қирғизистон Республикасида ўтказиш таклифи ҳамда 2026 йил баҳорида Италияда тўртинчи ташқи ишлар вазирлари конференциясини ўтказиш таклифи маъқулланди.
Маълумот учун, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтказилган тадбирда Италия Бош вазири Жоржия Мелони, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.
Live
Барчаси