Сотқин ChatGPT, тан олинаётган Фаластин, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги янги ришта – Midweek
Таҳлил
−
31 Июль 11445 16 дақиқа
Жорий ҳафта ўртасигача Ўзбекистон ва жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.
Аш-Шара ваъдаларини бажармоқда
Суриянинг муваққат президент Аҳмад аш-Шара мамлакат ички ва ташқи муаммолари билан курашиб келмоқда. У бу билан бир пайтда ҳокимиятга келганда берган вадаларинимг ҳам устидан чиқишни унутгани йўқ. Жумладан, Сурияда 15-20 сентябрь кунлари Мажлис аш-Шаб, яъни парламентга навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтиши айтилмоқда. Дамашқ сайловлар учун июн ойидаёқ тайёргарликни бошлаганди ва сайлов комиссияси тузилганди. Комиссия раиси Муҳаммад Таҳа ал-Аҳмад эса 26 июль куни Аҳмад аш-Шарага сайлов ўтказиш режаларини тақдим этди. Энди фақат аш-Шара тегишли фармонни имзолаши керак бўлади ва ундан кейин уч ҳафта ичида Сурияда сайлов органлари тузилади. Сўнгра номзодлар тегишли аризаларни топширишлари ва дебатлар ўтказиши мумкин.
Айни дамдаги режага кўра, республика халқ кенгаши таркибига 210 нафар депутат киради. Бироқ уларнинг фақат учдан икки қисми фуқаролар овози билан сайланади – қолган 70 нафари мамлакат президенти томонидан тайинланади. Ўтиш даврида парламент Сурия учун янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва мамлакат учун доимий конституция яратишга кўмаклашиш билан шуғулланади. Барчага маълум Сурия учун янги конституция ишлаб чиқиш ҳам Шаранинг халққа ва дунё ҳамжамиятига берган ваъдаларидан биридир. Жорий йил март ойида аш-Шара ўтиш даври учун конституциявий декларацияни имзолаганди. Унга кўра, муваққат парламент ваколат муддати дастлаб уч йил бўлади, шундан сўнг орган қайта сайланиши мумкин. Шу билан бирга, Халқ кенгаши давлат раҳбарини лавозимидан четлаштириш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади.
Таиланд ва Камбоджа келишиб олди
Жорий йилнинг 24 июль куни Таиланд ва Камбоджа ўртасида бошланган қуролли тўқнашувлар 5 кун давом этди. 100 йилдан ортиқ вақт давомида келишиб олинмаган чегара муаммоси ва бироз диний мотив ҳам мавжуд бўлган бу можарода 36 нафар инсон ҳалок бўлди. Жанглар асосан чегаранинг шимолий қисмида, қирғоқдан узоқда ва Таиланднинг Жанубий Хитой денгизи соҳилидаги машҳур денгиз қирғоқларида бўлиб ўтди. Оқибатда чегара ҳудудларидан 200 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Камбоджалик ҳарбийлар разведка учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиб, қироллик ҳудудига ракета зарбалари бергани айтилди. Чегарадагаи жанглар 3-4 кун давом этди. Ҳарбийлар можаро ҳудудига сафарбар этилди, Таиланд ҳарбий-ҳаво кучлари Камбоджа ҳудудига авиазарбалар йўллади. Бу орада эса 26 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳар икки давлат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бир кун ўтиб Таиланд ва Камбоджа музокараларда иштирок этиши маълум қилинди.
28 июлга келиб эса улар Малайзияда учрашишди ва “зудлик билан ва шартсиз оташкесим”га келишиб олишди. Келишув маҳаллий вақт билан ярим тунда кучга кириши белгиланди. Музокараларда воситачилик қилган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг сўзларига кўра, ҳар икки томон ҳам “ўз позицияларини билдирган ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, кескинликни йўқотиш, тинчлик ва хавфсизликни тиклашга тайёр эканини намойиш қилган”. Маълум бўлишича, музокараларда АҚШ ва Хитой вакиллари ҳам иштирок этган ва низолашаётган томонларни муросага келтириш учун уларга тасир ўтказган. Якунда эса Таиланд Бош вазири вазифасини бажарувчи Пхумтхам Вечаячай ва Камбоджа Бош вазири Хун Манет АҚШ Президенти Дональд Трампга музокараларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Самарқанддаги “қўзиқорин” бино бузилади
Қурилиши 2012 йилда бошланган, ортда қолган йиллар давомида кўп бор тилга тушган ва ҳатто хориж ОАВ да ҳам муҳокама қилинган, кулгуга қолган Самарқанддаги “қўзиқорин” бино бузилиши бошлангани ҳақида хабарлар чиққанди. 2015 йилда бетон ишлари тўлиқ тугатилиб, кейинги 2 йил давомида безак ишлари амалга оширилган мазкур 12 қаватли ғалати иншоотни қуриш учун ҳокимнинг қарори ёки бошқа тегишли давлат органларининг рухсатлари олинмагани, шунчаки, уй атрофида истиқомат қилувчи 5 та қўшнининг розилик хати олингани маълум қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдириб чиқди. Қайд этилишича, Самарқанд тумани “Жўйисой” маҳалласида фуқаро Фурқат Ҳалилов томонидан ўз уйининг бир қисмини бузиб, ўрнига меҳмонхона қурилиши ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган. Қурилишда қатор камчиликлар аниқланган. Хусусан, юқорида такидланганидек, лойиҳага рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси мавжуд эмас, архитектура режалаштириш топшириғи йўқ, муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган, белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган, қурилиш объектида фойдаланилган материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги сертификатлар тақдим этилмаган ва бундан ташқари, мутахассислар томонидан бинонинг сейсмологик жиҳатдан талабларга жавоб бермаслиги ҳам аниқланган.
Юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлсада, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган бўлса ҳам қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг “Констант Проект” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. “Триумф Проект” МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан эса тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳа ҳужжатларига бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолда хулоса берилган. Қурилиш ишлари давомида туман қурилиш бўлими ва ҳудудий назорат қилиш инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлсада, бино эгаси фуқаро Фурқат Ҳалилов томонидан ишлар ўзбошимчалик билан давом эттирилган. Меҳмонхона қурилиши объекти бўйича махсус лицензияга эга “СВП МАСКАН” МЧЖ мутахассислари томонидан 2016 йилда бинонинг техник ҳолати ўрганилиб, ригель ва темир бетон рамаларни кучайтириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича хулоса берилган. Бироқ ушбу кучайтириш бўйича тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган.
Юқорида айтиб ўтилганидек, меҳмонхона бўлиши керак бўлган бу бино ҳақида кенг жамоатчилик асосан 2022 йилда хабар топганди. Ўшанда бинонинг шакли кўпчиликни эътиборини тортган ва ҳатто унинг кўриниши четда ҳам муҳокама қилинган ҳамда қайсидир маънода кулгуга қолишга ҳам сабаб бўлганди. 2022 йилнинг 6 май куни “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти АЖ нинг хулосасига асосан бинонинг сув таъминот, ташқи тармоқлар ва иншоотлар қурилиши меъёрлари ва қоидаларига ҳамда қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетгани ҳам ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган. Ўша йилнинг 6 июлида фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан Фурқат Ҳалиловга Самарқанд тумани “Жўйисой” МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино-иншоотни ўз ҳисобидан бузиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган ва ижро учун юборилган.
Энг қизиғи шунча йилдан буён, аниқроғи агар 2016 йилдан яъни бинонинг қурилиши бойича дастлабки талаб ва огоҳлантиришлар берилган пайтдан бошлаб ҳисобланса, салкам 9-10 йилдан бери хато ва камчиликларни тўғирламай келган Фурқат Ҳалилов “дўппи тор келганда” Президентга йиғлаб мурожаат қилди. У ўз мурожаатида давлат раҳбарида анча йиллардан бери ноқонунийлиги ва талабларга жавоб бермаслиги айтиб келинадиган биносини бузилишини тўхтатишни илтимос қилди.
Шимолий Корея Жанубнинг таклифига “тупурди”
Эсингизда бўлса, олдинроқ Жанубий Кореянинг янги Президенти Ли Чже Мён ўзининг дастлабки матбуот анжуманларидан бирида мамлакат конституциясида кўрсатилганидек, Шимолий Корея билан тинч бирлашув тарафдори эканини айтганди. Орадан кўп ўтмай, у яна Пхеньян билан бузилган алоқаларни тиклашга чақирди. Жанубий Корея еткачиси бу гапини ўша сафар матбуот анжуманида эмас, балки ўта жиддий йиғинда президентлик давридаги илк Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтганди. Бироқ жорий ҳафтада Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Марказий қўмита бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон Жанубий Кореянинг янги Президенти томонидан билдирилган музокараларни тиклаш ҳақидаги таклифларни қатъиян рад этгани маълум қилинди. Бу Шимолий Кореянинг Жанубий Кореяда июн ойида иш бошлаган янги Президент маъмуриятига билдирган биринчи расмий муносабати бўлди. Ким Ё Чжоннинг баёнотида келтирилишича, Шимолий Корея ҳозирда Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратган ва Жанубий Корея ҳамда АҚШ билан дипломатик алоқаларни тиклаш ниятида эмаслигини кўрсатган.
2024 йилда икки мамлакат ўртасида ўзига хос қизиқ қарама қаршилик юзага келганди. Шимолий Корея жанубга бир неча бор ахлат тўлдирилган шарлар, Жнубий Корея эса шимолга пул, флешка ва дисклар билан тўлдирилган шарлар учирганди. Содда қилиб айтганда ўшанда ҳар ким ўзида бор нарсани улашганди. Аммо ортда қолган ойлар давомида Корея Халқ Демократик Республикаси эмас, балки ҳақиқий демократик тизимга эга бўлган Жанубий Корея томонидан кескинликни юмшатиш учун бир қанча чоралар кўрилди. Жумладан, чегарадаги овоз кучайтиргичлар орқали трансляциялар тўхтатилгани, ташвиқот шарларининг учирилиши чеклангани ва денгиздан қутқариб олинган 6 нафар шимол фуқароси қайтариб юборилгани қайд этилган. Аммо диктаторнинг синглиси Ким Ё Чжон бу ҳаракатларнинг барчаси Пхеньян учун ҳеч қандай маъно касб этмаслигини билдирган.
“Сеул қандай сиёсат юритмасин, қандай таклифлар бермасин, бу бизни қизиқтирмайди. Учрашиш учун сабаб ҳам, муҳокама қилишга арзигулик масала ҳам йўқ”, деган у.
Ростдан ҳам Шимолий Корея айни дамда Россия билан жуда яқин алоқаларга эга. Украинага қилинган босқин икки ўртадаги муносабатларни ҳаддан зиёд жипслаштирди. Ким Чен Ин Путин билан алоқани яқинлаштиришни ўз аскарларининг ҳаётидан устун қўйди. Баъзи маълумотларга кўра, 2025 йил давомида у Россияга 10 мингдан ортиқ қўшин юборди ва улар асосан Курскни қайтариш учун ҳаракат қилгани такидланди. Пхенян эшиклари эса Кремль мулозимлари учун доим очиқ. Сергей Лавров ва Шойгу бу ерга жуда кўп ташриф буюрадиган бўлди. Ҳатто Лавров Пхенянда очилган янги курортда меҳмон бўлган биринчи хорижлик сиёсатчи бўлди. Бундан ташқари Ким Чен Ин Ғарб давлатларига кескин огоҳлантириш билан ҳам чиқди. У агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши ҳужум қилса, Шимолий Корея Қуролли кучлари зудлик билан ҳаракатга ўтиши айтиб, бу Пхеняннинг муқаддас бурчи эканини такидлаганди. Мазкур баёнот эса Россия ва Шимолий Корея ўртасига энди қил ҳам сиғмаслигини англатади. Аммо шу ўринда савол туғилади. Борди-ю Шимолий Корея суверенетитига хавф туғилса Россия ҳам шундай шайликка интиладими ёки Ливия, Сурия ва яқинда Эронда бўлгани каби сичқон ини минг танга бўладими? Ким Чен Ин ва унинг режими буни яхши тушунади ва агарда Россия ва Украина ўртасидаги уруш якунига етгач, Пхеньян Россияга ортиқ керак бўлмаслиги мумкин. Айрим таҳлилчилар воқеалар ривожининг мазкур версиясида Ким Чен Ин ўз ташқи сиёсат йўналишини ўзгартириши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ унинг ҳисобида Москвадан ташқари Пекин варианти ҳам борлиги инобатга олинмаяпти. Шу боис кўп эҳтимол Корея яриморолининг географияси ҳали бери ўзгармаса керак. Улар ўртасидаги совуқ алоқалар ҳам.
Россияда мигрантларга яна бир чеклов
Жорий ҳафтада Россияда мигрантлар учун яна бир чеклов амалга кирди. Марказий Осиёлик хусусан Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан энг кўп танланадиган Россиянинг йирик шаҳарларидан бири Санкт-Петербургда таксопаркларга патент асосида фаолият юритадиагн чет элликларни ишга олиш тақиқланди. Эътибор беринг, патент бу чет эл фуқаросининг бу мамлакат ҳудудида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади. Уни Россия билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари расмийлаштириши лозим, яъни масалан ўзбекистонликлар ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан борган меҳнаткашлар. Бу ушбу мигрантларнинг Россия ҳудудида бирон бир тўсиқсиз ишлашини кафолатларди, аммо энди патент ҳам ҳайдовчилик қилишда ёрдам бермайди. Ҳозирча Санк-Петербургда.
Қайд этилишича, мазкур тақиқ айнан “енгил автомобиллар таксиси ва ҳайдовчиси билан ижарага олинган енгил автомобиллар” соҳасига нисбатан жорий йил охиригача жорий этилган. Бундай қарор иккита сабабга кўра кучга киргани такидланган. Санкт-Петербург шаҳри губернатори фармойишига кўра, бу чеклов таксичилик соҳасида хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда Россия Федерацияси фуқаролари учун қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида жорий этилмоқда.
Сунъий интеллект судда сизга қарши ишлайди!
Бугун маслаҳат ва сирдош ўлароқ ота-оналар, оиланинг бошқа аъзолари, яқинлар, дўстлар ва устозлар ўрнини тобора кенгроқ эгаллаб бораётган ChatGPT'га қарамлик ҳаддан зиёд ошиб бормоқда. Шу кунгача дунё бўйлаб у билан боғлиқ қатор ғайриоддий ҳолатлар кузатилди. Кимдир эри билан ажрашиб у билан турмуш қурди, яна кимлардир ушбу сунъий онг билан виртуал ишқий муносабатда. Бироқ ChatGPT'ни ўзига сирдош тутиш, унга ичидаги бор дардини тўкиб солиш фатал оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда. Буни қандайдир мутахасис ёки оддий кузатувчилар эмас, балки шу сунъий интеллектнинг асосчиси очиқ-ойдин тан олди. Гап шундаки, кун келиб сунъий интеллект билан бўлган шахсий суҳбатлар, судда далил сифатида сизга қарши ишлатилиши мумкин. ChatGPT'га эгалик қилувчи OpenAI раҳбари Сем Алтман “This Past Weekend” подкастида жуда кўп одамлар психологик ёрдам учун ChatGPT'га мурожаат қилаётгани, аммо бу хавфсиз эмаслигини маълум қилди.
“Агар сиз ChatGPT билан энг шахсий масалаларингиз ҳақида мулоқот қилаётган бўлсангиз ва кейинчалик суд иши ёки шунга ўхшаш ҳолат юз берса, бизни буни тақдим этишга мажбурлашлари мумкин”, дейди Сем Алтман.
Ҳа, агарда қандайдир ноўрин ишга қўл урсангиз ёки аралашиб қолсангиз, бу ҳолатдан чиқиб кетиш ва муаммони ҳал қилиш учун ChatGPT яхши ва ишончли вариант эмас. Сем Алтман бундай эҳтимолий хавфдан норози. У сунъий интеллект билан ёзишмалар психиатр ва юридик соҳадаги махфийлик сингари ҳимояланиши кераклигини талаб қилмоқда.
“Қонун врач ёки юрист билан бўлган мулоқот сирини ҳимоя қилади – “врачлик сири бор, юридик махфийлик мавжуд”, аммо ChatGPT билан мулоқот қилганингизда бу қандай бўлиши ҳақида ҳали жавоб йўқ”, дейди OpenAI раҳбари.
Ўзбекистон қонунчилигида бундай амалиёт ҳозирча бор ёки йўқлигидан хабаримиз йўқ. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам ҳеч бўлмаганда ўз хавфсизлигингиз ва бошқа шахсий тасирчан маълумотларингизни махфийлиги учун ChatGPT'дан иложи борича эҳтиёткорона фойдаланиш тавсия этилади. Мутахасислар анчадан буён бу ҳақда эслатиб келмоқда.
Тўқаев Эрдўған ҳузуридан нималар билан қайтди?
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 28 июль куни расмий ташриф билан Туркияга борди. Пойтахт Анқарадаги Эсенбоға халқаро аэропортида Қозоғистон етакчисини Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсан ўзи кутиб олди. Аэропортдаги кутиб олиш атмосфераси ва ундан кейинги жараёнлар жуда юқори темпда ўтди. Трапдан тушиши билан Тўқаев Эрдўғанга мушмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Ташрифнинг асосий тадбирлари 29 июль куни бўлиб ўтди. Тўқаевнинг Туркияга расмий ташрифи одатдагидек Мустафо Камол Отатурк мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Шундан сўнг Қозғистон президенти асосий масалаларга ўтди ва Туркиядаги 4 та йирик компания расмийлари билан учрашди. “ЙДА Ҳолдинг”, “С Систем Ложистик”, “Тиряки Ҳолдинг” ва “Орзах Груп” компанияси шулар жумласидандир. директорлар кенгаши раиси Селман Алимўғли шулар жумласидандир.
Якунда эса Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Президент Тўқаевнинг Анқарага расмий ташрифи дастури доирасида турк бизнеси вакиллари билан ўтказилган музокаралар умумлаштириб, Қозоғистонга 160 миллиард тенге сармоя киритилишини маълум қилди. Икки ўртадаги яна бир асосий масала бу логистика эди. “Самрук-Казина” компанияси бошқаруви раиси Нурлан Жакупов Президентнинг Туркиянинг логистика хизматлари соҳасидаги етакчи компанияси вакиллари билан учрашуви якунларини сарҳисоб қилиб, мамлакатнинг транзит салоҳиятини яхшилаш мақсадида Ақтўбе шаҳрида янги транспорт-логистика хаби очилишини билдирди. Шундан сўнг икки етакчининг учрашувуга келди. Анқарадаги Президент саройида Қосим-Жомарт Тўқаевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари дастлаб яккама-якка музокара ўтказди. Ражаб Тойиб Эрдўған икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга тайёрлигини тасдиқлади. Кейин эса Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ражаб Тойиб Эрдўған Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишини ўтказди. Тўқаевнинг сўзларидан у Туркия билан яқинликни қадрлаётгани ва бундан жуд мамнунлиги кўриниб турганди.
Учрашувда ўзаро савдони кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этгани қайд қилинди. Энди эса улар бу ҳажмни 15 миллиард долларгача кўтармоқчи. Тўқаев Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратишини таъкидлаб, кемасозлик соҳасига Туркия сармоясини жалб этишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Бундан ташқари, Кенгаш мажлисида делегациялар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан, Боку-Тбилиси-Жайҳон нефть қувури орқали экспорт ҳажмини ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Қозоғистон Президенти турк сармоядорларини қўшма жамғарма тузиб, тоғ-кон саноати ва табиий ресурсларни ўзлаштириш лойиҳаларида ҳам иштирок этишга чақирди. Маълум бўлишича, Қозоғистонда етиштирилган ғалланинг чорак қисми, пахтанинг учдан бир қисми ва глютеннинг 26 фоизи Туркияга экспорт қилинади. Умуман олганда, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасида турк ишбилармонлари иштирокида умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион долларлик 23 инвестисия лойиҳаси амалга оширилар экан. Улардан 18 таси ишга туширилиб, маҳсулотлар халқаро бозорга етказиб бериш йўлга қўйилган.
Учрашув иштирокчилари мудофаа саноати, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, молия, фуқаро авиацияси, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Бундан ташқари, туризм соҳасидаги ижобий динамикани қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп қиррали икки томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Қозоғистонда Туркия фуқаролари учун 90 кунлик визасиз режим ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тўқаевга Туркиянинг энг юқори даражали олий ордени – “Давлат нишони” топширилди.
Тан олиниши яқин бўлган Фаластин
28 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Франция ва Саудия Арабистони қўшма раислигида Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва “Икки давлат ечими”ни амалга ошириш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция старт олди. Бу жуда узоқ кутилган, Нью-Йоркда ўтказилишига қарамай, ундан минлаб км узоқликдаги Яқин Шарқ минтақасида уруш бошлангани баҳонаси билан ортга сурилган конференция эди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу йиғилишда сўз олар экан, дунё оғир дамни бошдан кечираётгани ва икки давлатнинг пайдо бўлиши “ҳеч қачон бунчалик узоқ” бўлмаганини қайд этди. У мазкур йиғин босқинчиликка барҳам бериш ва икки давлат ечимида ортга қатиб бўлмас тараққиётни тезлаштирадиган бурилиш нуқтаси бўлиши кераклигини айтди. Босқинчилик деганда эса Гуттериш айнан қайси ҳолатни назарда тутгани номалум. Аммо узоқ ва яқин ўтмиш ким босқинчилик қилаётганини очиқ ойдин кўрсатади.
БМТ штаб-квартирасида ўтказилган брифингда бу конференциянинг икки ташкилотчиси Франция ва Саудия расмийлари ҳам ўз позицияларини билдириб ўтди. Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро конференциядан кўзланган асосий мақсад тинчлик ўрнатиш имкониятини аниқ баён этиш эканини таъкидлади. Жан-Ноэль Барронинг сўзларига кўра, 120 дан ортиқ давлат вакиллари конференцияда қатнашиб, Ғазонинг урушдан кейинги келажаги бўйича умумий қарашни маъқуллашни режалаштирмоқда. Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафо эса ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳукмронлигини тугатиши ва қуролларини Фаластин маъмуриятига топшириши кераклигини айтди. Шу ўринда Мустафо айтаётган маъмуриятга озгина тариф бериб ўтиш ўринли. Бу Исроил чизган чизиқдан чиқмайдиган ва апартеид зулми остида яшашга рози бўлиб келаётган маъмуриятдир. Маҳмуд Аббос бошқариши керак бўлган ўша Ғарбий соҳилда Исроил аскарлари истаганича босқинчилик ҳаракатларини амалга оширади.
БМТ конференция ўз йўлига ва кўриниб турибдики бу ҳозирча кутилганидек ва Франция президенти Эммануэль Макрон анча пайтдан буён такидлаб келганидек қандайдир тасирли натижа бергани йўқ. Аммо дунё бўйлаб Фаластиннинг тан олиниш жараёни яқиндек тассурот уйғотаётган янгиликлар мавжуд. Хусусан, Канадада бу воқелик бугун ҳар қачонгиданда яқиндек кўринмоқда. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер эса агар сентябрь ойидаги БМТ Бош ассамблеясигача Ғазодаги ҳолат ўнгланмаса, Қироллик Фаластинни тан олишини эълон қилди. Европа Иттифоқига аъзо бўлган Ўртаер денгизи орол давлати ҳисобланмиш Мальта ҳам айнан шу Ассамблеяда Фаластинни давлат сифатида расман тан олиши маълум қилинди.
Live
Барчаси