Мирзиёев халқаро гуманитар форум ташкил этишни таклиф қилди
Жамият
−
12 Декабрь 1129 4 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси йили Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда сўз очди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашган.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Туркманистонни доимий бетарафликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этишини қайд этган.
“Туркман халқининг замонавий ўзига хослигининг ажралмас қисмига айланган Туркманистоннинг бетарафлиги унинг чуқур тарихий анъаналари, маданий ва маънавий қадриятларига, олижаноблик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби эзгу фазилатларига таянади”, дейди Президент.
Шу боис, Туркманистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон раҳбари Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятлар эканини таъкидлаган. Бунинг тасдиғи сифатида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббуси илгари сурилганини келтириш мумкин. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида Ўзбекистон тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилашни мақсад қилган.

Раислик давомида, шунингдек, келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади.
Президент глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлаган. Айнан шу сабабли ҳам Ўзбекистон Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлган.
Ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатнинг ҳам асоси эканлиги қайд этилган.
“Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу нуқтаи назардан, Туркманистоннинг конструктив ва тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланишига алоҳида урғу берилган.
Давлат раҳбари Туркманистоннинг замирида тинчлик ва ишонч каби эзгу ғоялар мужассам бўлган бу таклифлари Ашхободнинг минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари форматида раислиги давомида кун тартибидан муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирган.

Ўзбекистон етакчиси ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган гуманитар ҳамкорликни илгари суриш муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йили Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қилган.
Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 декабрь куни Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига боргани ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Қолаверса, Мирзиёев Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Бугун, 12 декабрь куни эса Россия Президенти Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида “Бетарафликнинг 30 йиллиги” форуми бошланишидан аввал оёқда туриб суҳбатлашди.