Мирзиёев ЕХҲТ раиси билан ҳам учрашди
Жамият
−
11 Июнь 2386 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Финляндия Ташқи ишлар вазири Элина Валтоненни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Валтонен Шавкат Мирзиёевга Финляндия Президенти Александр Стуббнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан ЭХҲТ ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Миллий сайлов тизимини модернизация қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш, гендер ва ёшлар масалалари, “яшил” кун тартиби бўйича ташкилот билан конструктив ҳамкорлик ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Иқлим хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалаларига эътиборни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон-Финляндия муносабатларининг, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кун тартиби батафсил кўриб чиқилди. Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Уммоннинг Савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуфни қабул қилганди.
Live
Барчаси