Мияни қаришдан ҳимоя қиладиган ўсимлик топилди
Саломатлик
−
15 Октябрь 22611 2 дақиқа
Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул Федерал университети олимларининг аниқлашича, Америка райҳони экстракти мия қаришини секинлаштиради ҳамда оксидловчи стресс ва яллиғланишни камайтиради. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Nutrients” журналида эълон қилинди.
Олимлар каламушларда тажриба ўтказиб, қўшимчанинг гиппокампга (хотира ва ўрганиш билан боғлиқ мия қисми) таъсирини ўрганган. Натижалар шуни кўрсатганки, райҳон таркибидаги бирикмалар организмда моддалар алмашинуви жараёнида ҳосил бўладиган ва ҳужайраларни шикастлайдиган актив кислород шакллари (АКШ) миқдорини камайтиради. АКШнинг ортиқча миқдори оксидловчи стрессни келтириб чиқаради, бу эса айниқса мия ҳужайраларининг фаолиятини бузади, нейронларнинг мембраналарини емиради ва нерв сигналларининг узатилишини сустлаштиради.
Қайд этилишича, райҳон экстрактининг қўлланилиши гиппокампдаги ҳужайра мембраналарининг бузилишини олдини олган, шунингдек, яллиғланиш ситокинлари TNF-α (ўсма некрози омили альфа) ва IL-1β (интерлейкин-1 бета) даражасини камайтирган. Ушбу молекулалар организмда яллиғланиш жараёнларини фаоллаштиради ва уларнинг юқори даражада бўлиши нейрояллиғланишни кучайтириб, мия қаришини тезлаштиради.
Биокимёвий таҳлил райҳон таркибида антиоксидант фенол бирикмалари розмарин ва хлореген кислоталари кўп миқдорда борлигини аниқлаган. Олимларнинг айтишича, айнан шу моддалар мия ҳужайраларини ҳимоя қилиш (нейропротектив) таъсирини таъминлайди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу натижалар Америка райҳони экстракти асосида биологик фаол қўшимчалар ва нутрасевтик воситалар яратиш имконини беради. Бироқ инсон учун оптимал доза ва шаклни аниқлаш учун яна қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвияда янги хавфли наркотик аниқланганди. Ушбу модда инсон саломатлиги учун жуда хавфли бўлган янги синтетик опиоид – “спирохлорфин” бўлиб, Касалликларни олдини олиш ва назорат маркази ушбу модда ҳамда уни ўз ичига олган маҳсулотларга вақтинчалик тақиқ жорий этган эди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси