Москва энди хавфсиз эмас(ми?)
Таҳлил
−
18 Июнь 5249 6 дақиқа
G7 давлатлари раҳбарлари Украинага қурол етказиб бериш кўпайтирилишини эълон қилгач, Россия Киевни бомбардимон қилди. Бугун эрта тонгда эса, Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудига уруш бошланганидан бери энг йирик ва энг жиддий стратегик дрон ҳужумларидан бирини уюштирди. Оқибатда Россия ёнилғисининг асосий манбаси ҳисобланган Москва нефтни қайта ишлаш заводи ишлашдан тўхтаб қолди. Талафотлар ҳар икки томонда етарлича.
Жорий йилнинг 15–17 июнь кунлари Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида “катта еттилик”нинг саммити бўлиб ўтди. Сиёсатчилар учрашувининг асосий мавзуларидан бири Украина масаласини ҳал қилиш бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш бўлган. Ва улар Зеленский бош бўлган мамлакатга қурол етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олинганини маълум қилишди.
Қолаверса, АҚШ президенти Дональд Трамп хомашё нархи пасайгани сабабли АҚШ тез орада Россия нефтига нисбатан санкциялардаги енгилликларни бекор қилиши мумкинлигини билдирди. Табиийки, бу гаплар расмий Москвага ёқмаган. Натижада Россия армияси G7 давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш ҳақида баёнот берганидан кўп ўтмай, “мана сенларга” дегандай Киевга баллистик ракета зарбасини амалга оширди. Ҳужум оқибатида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида ҳаво тревогаси эълон қилинди. Портлаш овозлари аҳолини ваҳимага туширди.
Бу жараён 18 июнга ўтар кечаси содир бўлди. Киев шаҳрида тун давомида ҳаво тревогаси сиреналари янграган. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко ўзининг Телеграм-канали орқали пойтахт томон баллистик ракеталар учирилгани ҳақида огоҳлантирган.
“Хавф тугагунига қадар хавфсиз жойларда қолинг”, – дея мурожаат қилган Тимур Ткаченко.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари дарҳол мамлакатнинг шимолий ҳудудларида ҳам баллистик ракета ҳужуми хавфи сақланиб қолаётганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда портлаш овозлари Полтава ва Суми шаҳарларида ҳам эшитилгани акс этган видеолар тарқалди. Полтава шаҳар кенгаши айрим ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилганини маълум қилди. Запорожье вилояти маъмурияти ҳам ўз ҳудудида портлашлар содир бўлганини тасдиқлади. Украиналикларни, айниқса Суми вилояти аҳолисини қўрқитган хабар ҳам эълон қилинди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари бу ҳудудга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берилиши мумкинлигини айтиб, фуқароларни хушёрликка чорлади. Хуллас, Украинада яна бир тун ваҳима ва йўқотишлар билан ўтди. Зеленский буни жавобсиз қолдирмади.
Москвада “оловли тонг”
18 июннинг саҳар пайти Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг узоқ масофали операциялар тарихида, қанчалик ғалати эшитилмасин, янги саҳифа очилди. Украина Қуролли кучлари Россиянинг иқтисодий ва ҳарбий инфратузилмасига, хусусан, пойтахт Москва энергетика тизимининг юраги ҳисобланган Капотнядаги Москва нефтни қайта ишлаш заводига сўнгги йиллардаги энг йирик оммавий дрон ҳужумини уюштирди. Эрталабдан Москва осмонини қоплаган қора тутун нафақат иқтисодий зарар даражасини кўрсатувчи белги, балки халқаро майдонда геосиёсий сигнал вазифасини ҳам бажарди.
Россия томони дастлаб ҳужум кўламини максимал даражада камайтириб кўрсатишга ва ҳаво мудофаа тизимларининг муваффақиятини таъкидлашга уринди. Россия Мудофаа вазирлиги расмий баёнотида вазият назорат остида эканига урғу берилди.
“Ҳаво мудофаа тизимларимиз ва радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида Россия ҳудудига қаратилган террорчилик ҳужумларининг олди олинди. Мамлакат бўйлаб жами 500 дан ортиқ Украинанинг учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилди ва зарарсизлантирилди”, деб Россия Мудофаа вазирлиги маълумот берди.
Бироқ, пойтахт миқёсидаги вазият анча жиддийроқ тус олганини Москва мэри Сергей Собяниннинг баёноти қисман тасдиқлади.
“Пойтахт томон учган 180 дан ортиқ дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинди. Капотня туманидаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига дрон бўлакларининг қулаши оқибатида техник бинолардан бирида ёнғин юзага келди, жабрланганлар йўқ”, дея маълум қилди шаҳар мэри.
Аслида бугун интернет ривожланган ва ҳамманинг қўлида смартфон бўлган даврда ниманидир яшириш деярли имконсиз. Маҳаллий аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган ўнлаб видеолар заводнинг технологик қурилмаларига жиддий шикаст етганини ва ёнғин оддий “бўлаклар қулаши”дан анча ваҳималироқ бўлганини кўрсатди.
Украина раҳбарияти ва ҳарбий қўмондонлиги ушбу операцияни мамлакат энергетика тизимини вайрон қилаётган Россияга нисбатан “адолатли жавоб стратегияси” деб атади.
“Россия ўз ҳудудида урушнинг ҳақиқий баҳосини ҳис қилиши керак. Бизнинг шаҳарларимиз ва электр станцияларимиз ҳар куни зарбага учраётган бир пайтда, Россия ҳарбий машиналарини озиқлантираётган нефть заводлари тинч тура олмайди. Бу Украина халқига қарши қаратилган террорга тўлиқ асосланган, адолатли ва стратегик жавобдир”, деди Владимир Зеленский.
Украина разведкаси эса, ушбу завод атиги икки кун олдин ҳам нишонга олинганини эслатиб, бу сафар унинг энг муҳим нефть ҳайдаш устунлари ишдан чиқарилганини ва пойтахтда ёнилғи инқирози бошланиши муқаррар эканини иддао қилмоқда. Берилган маълумотга кўра, дронлар заводдаги нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмасини нишонга олган. “Reuters” агентлиги келтирган маълумотларга кўра, шикастланган мажмуа корхона қувватининг қарийб 53 фоизини таъминлаб келган. Шу сабабли, завод фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Халқаро экспертлар ва ғарблик сиёсий таҳлилчилар ушбу воқеани урушнинг геоиқтисодий босқичга кўчиши ҳамда Россия учун жиддий дилемма сифатида баҳоламоқдалар. АҚШ Сиёсий тадқиқотлар институти ва “Reuters” агентлиги таҳлилчилари Москва нефтни қайта ишлаш заводи пойтахтдаги ёнилғи бозорининг деярли ярмини таъминлашини ҳисобга олиб, унинг тўхташи Россия ички бозорида занжирли реакцияни келтириб чиқаришини тахмин қилмоқдалар. Халқаро энергетика бозори таҳлилчиси Жон Эванс ҳам вазиятга ўзининг баҳосини берди.
“Украина Россиянинг нефть инфратузилмасига зарба бериш орқали Кремлни энг оғриқли жойидан урмоқда. Москва атрофидаги ёнилғи тақчиллиги Россия ҳукуматини ё экспортни бутунлай тўхтатишга ёки ички бозордаги нархларни кескин оширишга мажбур қилади. Бу эса, уруш фонида ички ижтимоий норозиликни келтириб чиқариши мумкин”, дейди Жон Эванс.
Агар шу бугунгача бўлган воқеаларни яхлит таҳлил қиладиган бўлсак, Украина ўзининг иқтисодий жиҳатдан арзон, аммо техник жиҳатдан мукаммал дронлар тўлқини орқали Россиянинг миллиардлаб долларлик энергетика гигантларини ва энг замонавий ҳаво мудофаа тизимларини чорасиз қолдира олишини кўрсатди.
Уруш фронт чизиғидаги позицион тўқнашувлардан пойтахтлар даражасидаги стратегик ва иқтисодий чидамлилик ресурслари курашига айланиб боряпти. Энг эътиборлиси, бу жараёнда Россиянинг “энг хавфсиз” ҳисобланган ҳудудлари ҳам эндиликда очиқ фронтга айланиб улгурган. Босими тобора ортаётган, ҳар икки давлат аҳолиси аллақачон безиган бу урушда ким биринчи бўлиб таслим бўлиши эса, мавҳумлигича қолмоқда. Сизингча, қайси томон биринчи бўлиб оқ байроқни кўтаради?
Live
Барчаси