Мубашшир Аҳмад суд ҳукми билан қамалди
3-саҳифа
−
08 Октябрь 17416 3 дақиқа
Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Бугун, 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида унга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунлади.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Мубашшир Аҳмад ва “Azon Global” – муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
2 октябрь куни соат 16:00 да Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтиши керак эди. Суднинг қолдирилишига Мубашшир Аҳмад ишини кўраётган судьянинг тоби йўқлиги, саломатлигини тиклаш таътилида экани сабаб қилиб кўрсатилганди. Бироқ ушбу мажлис яна бошқа кунга қолдирилди. Бундан олдинги суд мажлислари ҳам қолдирилганди.
Қайд этиш жоиз, бу Турсуновнинг иши бўйича суд мажлисининг биринчи марта қолдирилиши эмас. Унинг биринчи суди 19 август куни бўлиб ўтди ва айрим гувоҳлар келмагани айтилиб, суд иши 8 сентябрга қолдирилди. Иккинчи суд мажлисида иштирок этган гувоҳлар қўйилаётган айбловлар учун етарлича далиллар келтира олмади. Шундан сўнг, суд 15 сентябрга қолдирилди. Шунингдек, 29 сентябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган суд мажлиси ҳам 2 октябрга сурилган эди.
Live
Барчаси