Погба допинг тақиғидан қайтгач, илк бор “Монако” таркибига киритилди
Спорт
−
22 Ноябрь 962 2 дақиқа
Франциялик ярим ҳимоячи Поль Погба допинг жазоси тугаганидан сўнг биринчи бор “Монако” жамоаси таркибига киритилди. Энди Погба чемпионат доирасида “Ренн”га қарши учрашувда майдонга тушиши мумкин.
32 ёшли яримҳимоячида 2024 йил февралида тақиқланган DHEA моддасига ижобий тест натижаси чиққач, тўрт йилга футболдан четлатилган, бироқ Погба Спорт арбитраж судига мурожаат қилганидан сўнг унинг жазоси 18 ойгача қисқартирилган эди.
“Уни тўлиқ салоҳиятига қайтаришга ёрдам берамиз, жамоанинг манфаатлари доимо биринчи ўринда туради,” деди “Монако” бош мураббийи Себастьян Поконьоли.
У Погбанинг сифатлари, тажрибаси ва етакчилик фазилатлари ҳали ҳам жамоага катта фойда олиб келишини таъкидлади. Мураббийга кўра, франциялик футболчи майдон ичида ва ундан ташқарида муҳим роль ўйнаши, фақат яна рақобат суръатига мослашиб олишига тўғри келади.
Погбанинг сўнгги расмий ўйини 2023 йил сентябрида А Серияда “Ювентус”нинг “Эмполи” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган баҳс бўлган. Шундан сўнг футболчи жорий йилнинг июнь ойида “Монако”га эркин агент сифатида қўшилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция терма жамоасининг собиқ футболчиси Поль Погба ва 70 дан ортиқ спортчи Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA)дан Исроилни футболдан четлаштиришни талаб қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси