Президент Европадаги элчиларга топшириқлар берди
Жамият
−
15 Январь 4390 2 дақиқа
Франция, Испания ва Бельгиядаги элчилар ушбу мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги тажрибасини ўрганади ҳамда Ўзбекистонда жорий этади. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида элчиларга топшириқлар берди.
Ўтган йили Ўзбекистондан Европага экспорт 23 фоизга кўпайиб, 2,3 миллиард долларга етган. Лекин айрим давлатлардаги элчилар ушбу бозорларда ўзбек маҳсулоти номини танитиш бўйича натижа кўрсата олмаётгани қайд этилган.
Франция Ўзбекистон кимё саноат учун янги экспорт йўналиши, Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятидаги кимё корхоналари учун катта бозор экани кўрсатиб ўтилган.
Ушбу мамлакатдаги ваколатхонага Францияда ўғитга бўлган талаблар, уларнинг стандартларини Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятидаги кимё корхоналарига етказиш, ушбу корхоналар раҳбарлари ва уларнинг маҳсулотларини олиб бориб, кўргазма ташкил қилиш топширилган.
Умуман, Европанинг қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларига минерал ўғит экспортини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги шароитида Испания қишлоқ хўжалигида катта ютуқларга эришаётгани таъкидланди.
Масалан, Алмерия ҳудудида 30 минг гектардан зиёд майдонда яхлит иссиқхоналар комплекси ташкил қилинган бўлиб, биргина солиқ тушумининг ўзи 1,5 миллиард еврога тенг. Энг муҳими, бу иссиқхоналар қуёш энергиясида ишлайди, газдан фойдаланмайди.
Испаниядаги элчига ушбу давлатнинг қишлоқ хўжалигидаги илғор тажриба ва технологияларини Сурхондарё ва Қашқадарёга олиб келиш бўйича дастур қилиш топширилди.
Нидерландия қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича дунёдаги ТОП-3 давлатлар қаторига киради.
Иссиқхоначилик йўналишидаги 100 дан ортиқ компанияларни бирлаштирган “ World Horti Center” инновация ва билим марказига ҳар йили бутун дунёдан 40 мингдан зиёд мутахассислар келиб малакасини оширади.
Бельгиядаги элчига ушбу марказга камида 100 нафар маҳаллий мутахассисни олиб бориб, иссиқхона соҳасидаги илғор инновация ва тажрибаларни ўрганишни ташкил этиш топширилди.
Live
Барчаси