Путин 4 йил ичида илк бор Ҳиндистонга борди (видео)
Олам
−
04 Декабрь 6022 2 дақиқа
Бугун, 4 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин сўнгги тўрт йил ичида биринчи марта Ҳиндистонга ташриф буюрди. Россия ҳукумати самолёти Ҳиндистон ҳаво кучларининг Нью-Деҳлидаги Палам авиабазасига қўнган. Бу ҳақда РБК хабар беради.
Нашрнинг ёзишича, Путинни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кутиб олган. Россия Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири бир автомобилга ўтириб, норасмий учрашувга йўл олган.
Ташриф икки кун давом этади. Бугун, 4 декабрь оқшомида Россия Президенти Моди билан норасмий учрашув ўтказади. “Тhе Times of India”га кўра, кечки овқат чоғида етакчилар 2010 йилда “махсус имтиёзли стратегик шериклик” даражасига кўтарилган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Шунингдек, Моди Ҳиндистоннинг Украинадаги можарони тезроқ ҳал этишга қизиқишини тасдиқлайди.
Эртага, 5 декабрь куни Ҳайдаробод саройида тор ва кенг форматдаги расмий музокаралар бўлиб ўтади. Россия Президенти билан 7 нафар вазир бирга борган: Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Молия вазири Антон Силуанов, Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников, Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев, Қишлоқ хўжалиги вазири Оксана Лут ва Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, шунингдек Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина, “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин ҳамда “Росатом” ва “Роскосмос” вакиллари.
Путин, шунингдек, Россия-Ҳиндистон форумининг ялпи мажлисида иштирок этади. Кремль маълумотига кўра, ташриф якунида жами 10 та идоралараро ва 15 дан ортиқ тижорий битим имзоланади. Жумладан, етакчилар 2030 йилгача мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастурини қабул қилади, Россия Ички ишлар вазири эса меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида ҳиндистонлик расмийлар Россиядан атом сувости кемасини ижарага олиш бўйича бир неча йиллардан бери давом этаётган музокараларни ниҳоясига етказгани ҳақида хабар берилган эди.