Путин Си Цзиньпин билан музокараларни бошлади (видео)
Олам
−
08:58 3538 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Хитойга расмий ташрифи доирасида Пекиндаги Халқ мажлислари уйига етиб борди. Бу ерда у Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Россия ОАВлари хабар берди.
Путиннинг Пекиндаги дастури Тяньаньмэнь майдонидаги расмий кутиб олиш маросимидан бошланди. Хитой етакчиси Россия Президентини шахсан кутиб олган, шундан сўнг томонлар делегация аъзоларини бир-бирига таништирган.
Россия Президенти маросимга “Аурус” автомобилида етиб келган. Етакчилар қўл бериб кўришиб, икки давлат делегацияларини қутлашган ва Россия ҳамда Хитой мадҳиялари янграган.
“Москва атрофидаги оқшомлар” қўшиғи садолари остида Путин ва Си Цзиньпин қўлларида икки давлат байроқлари ва гуллар ушлаган болалар олдига борган.
Россия Президенти Хитойга йирик делегация билан ташриф буюрган. Делегация таркибидан беш нафар Бош вазир ўринбосари, саккиз вазир, президент администрацияси вакиллари, бир қатор вилоят раҳбарлари, давлат корпорациялари раҳбарлари, йирик банклар бошқарув раислари ҳамда бизнес вакиллари ўрин олган.
Шунингдек, делегация таркибида Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам бор.
Музокаралар аввал тор доирада бўлиб ўтади. Унда Россия ва Хитой ўртасидаги энг муҳим ҳамда сезгир масалалар муҳокама қилинади. Шундан кейин кенгайтирилган таркибдаги учрашув бошланади, унда Россия томонидан 39 киши қатнашади.
Мулоқот якунида икки давлат ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланиши, шунингдек, Путин ва Си Цзиньпин ОАВ вакиллари учун баёнот бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Си Цзиньпин Пекиндаги саммит чоғида Россия Президенти Владимир Путин шаънига илк бор вазмин тарзда танқидий фикр билдирганди.
Live
Барчаси