Россия Starlink’нинг аналогини қачон ишга тушириши айтилди

Олам

image

“Роскосмос” раҳбари Дмитрий Баканов Россия 2027 йилга бориб Starlink тизими тамойили асосида орбитада кенг полосали интернетни таъминлашга мўлжалланган 300 дан ортиқ паст орбитадаги сунъий йўлдошлардан иборат гуруҳни жойлаштиришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимга уланиш учун ерусти терминалларини серияли ишлаб чиқариш 2026 йилдаёқ бошланади. Бу ҳақда у “Биринчи” телеканали эфирида сўз очди.

“Ер усти алоқа тармоқлари қамраб олмаган барча ҳудудларни алоқа билан таъминлаш жуда муҳим”, дейди у.

Шунингдек, “Роскосмос” раҳбари бошқа космик ишланмалар ҳақида ҳам сўзлаб берган. Жумладан, у Ернинг космосдан тасвирини олувчи “Зоркий” сунъий йўлдоши ҳақида гапирган. Олинган маълумотлар кейинчалик рақамли хариталар яратишда, хусусан, учувчисиз аппаратлар билан ишлашда қўлланилади.

Дмитрий Баканов бундай баёнотларни илгари ҳам берган. Хусусан, 2025 йил сентябрида у Россия “икки яқин йил ичида” Starlink’нинг аналогини ишга туширишини айтган. Ўшанда у лойиҳа биринчи босқичи доирасида 300 та аппаратдан иборат паст орбитадаги гуруҳ 2025 йил охирига қадар жойлаштирилишини таъкидлаган, бироқ бу амалга ошмаган.

“Бизда жорий йил декабридан бошлаб 300 та аппарат миқдорида биринчи босқич, 900 та аппарат миқдорида эса иккинчи босқич жойлаштирилади”, деган Баканов ўша пайтда.

Россияда Starlink’нинг аналогини яратиш лойиҳаси Кремль томонидан 2018 йилда эълон қилинган. У “Сфера” деб номланган бўлиб, мамлакатни интернет ва телефон алоқаси билан таъминлаши керак бўлган 600 та сунъий йўлдошдан иборат гуруҳни шакллантиришни назарда тутган. Бироқ Россия Президенти Владимир Путин томонидан Украинага қарши уруш бошланганидан ва санкциялар жорий этилганидан сўнг лойиҳа амалга оширилмай қолган.

Маълумот учун, Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг Starlink тизими ҳозирда орбитада 7 мингдан ортиқ сунъий йўлдошга эга бўлиб, Украина томонидан Қуролли кучлар ва фуқаролик инфратузилмаси алоқасини таъминлашда фаол қўлланилмоқда. 2025 йил декабрь охирида “Associated Press” НАТО давлатларининг разведка маълумотларига таяниб, Россия Starlink сунъий йўлдошларини йўқ қилишга мўлжалланган “ҳудудий таъсирга эга” қурол устида ишлаётганини, бу эса бошқа орбитал гуруҳлар учун ҳам таҳдид туғдириши мумкинлигини хабар қилган.

Маълумот учун, Россия жаҳон космик бозоридаги мавқеини йўқотишда давом этмоқда. Бош вазир ўринбосари Денис Мантуровнинг маълумотларига кўра, 2025 йилда “Роскосмос” атиги 17 та учиришни амалга оширган, ҳолбуки АҚШ — 181 та, Хитой эса 91 та учиришни бажарган. Шу тариқа, Россия учиришлар сони кетма-кет иккинчи йил 1961 йилдан буён, яъни Юрий Гагарин илк бор космосга парвоз қилган даврдан бери энг паст даражада қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Starlink аналог сунъий йўлдошл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг