Россия Венесуэладаги вазиятдан ташвишда

Олам

image

Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси АҚШ томонидан қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги хабарлар расмий Москвани қаттиқ ташвишга солди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Венесуэладаги ҳолат бўйича эълон қилинган навбатдаги баёнотда сўз борган. 

“Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси АҚШнинг бугунги агрессив ҳаракатлари чоғида мамлакатдан мажбуран олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги хабарлар бизни қаттиқ ташвишга солмоқда”, дейилади баёнот аввалида. 

ТИВ ҳолатга зудлик билан ойдинлик киритишга чақирган. 

“Бундай хатти-ҳаракатлар, агар улар ҳақиқатда содир бўлган бўлса, мустақил давлат суверенитетига йўл қўйиб бўлмайдиган тажовуз ҳисобланади, уни ҳурмат қилиш халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойили ҳисобланади”, дейилади ТИВ баёнотида. 

АҚШнинг Венесуэлага ҳужуми

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида камида еттита портлаш содир бўлгани, шаҳар­нинг бир қисми электр энергиясиз қолгани ҳақида хабар берилган эди. Портлаш товушлари шаҳарнинг турли ҳудудларида, шунингдек Симон Боливар номидаги Майкетия аэропорти ва Ла-Гуайра порти атрофида ҳам эшитилган.

Кейинроқ Колумбия Президенти Густаво Петро АҚШни Венесуэлани бомбардимон қилишда айблаб, БМТнинг фавқулодда йиғилишини чақиришга чақирди. Шундан сўнг CBS телеканали АҚШ Президенти Доналд Трамп Венесуэла ҳудудидаги қатор объектларга, жумладан ҳарбий нишонларга зарба бериш буйруғини берганини маълум қилди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро мамлакатда кенг қамровли мудофаа тизимини зудлик билан ишга тушириш ва миллий кучларни сафарбар этиш бўйича буйруқ берди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.

Бундан олдин АҚШ зарбаларидан кейин Николас Мадуронинг қаердалиги номаълумлиги, бироқ унинг энг яқин атрофидагиларнинг айримлари хавфсиз жойда экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Кейинчалик Дональд Трамп Венесуэлага қилинган ҳужум бўйича баёнот бериб, Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олингани ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди. Шундан сўнг Россия АҚШнинг Венесуэалага қилган ҳужумини қоралади.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэлага ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг