Россияда ҳам мактаб 12 йиллик бўлиши мумкин
Олам
−
21 Октябрь 2077 2 дақиқа
Россияда мактаб таълими давомийлигини 12 йилга узайтириш ҳамда болаларни 6 ёшдан ўқишга қабул қилиш зарурати юзага келмоқда. Бу ҳақда Жамоатчилик палатаси котибининг ўринбосари Владислав Гриб ТАСС нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг таъкидлашича, деярли барча ривожланган давлатларда 12 йиллик таълим тизими қўлланади ва Россияда ҳам бу босқичга ўтиш замон талаби ҳисобланади. Грибнинг фикрича, мактаб дастурлари йилдан-йилга мураккаблашиб, ахборот ҳажми ошиб бормоқда, бу эса мавжуд 11 йиллик тизим доирасида билимларни тўлиқ ўзлаштиришни қийинлаштирмоқда. Айрим давлатларда сунъий интеллект асослари ҳатто бошланғич синфларданоқ ўқитилиши қайд этилган.
Шунингдек, у айрим мамлакатларда 12 йиллик таълим тизими бундан 20-30 йил аввал жорий этилганини эслатиб ўтган. Таклиф келгуси икки йил ичида кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланган. Бу таклиф Жамоатчилик палатаси, Россия таълим академияси ва Таълим вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашида кенг муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Россия Таълим вазирлиги мазкур таклифга муносабат билдирар экан, амалдаги 11 йиллик тизим ўқувчиларга таълим дастурини самарали эгаллаш имконини беришини маълум қилган. Шу билан бирга, ҳар қандай янги ташаббус чуқур муҳокама қилиниши ва мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилиши зарурлиги қайд этилган.
Маълумот учун, 1958 йилдан 1980 йилгача Россияда мактаб таълими 10 йил давом этган. 1970 йилдан бошлаб бошланғич таълим муддати уч йил қилиб белгиланган, тўртинчи синф ўрта таълим таркибига киритилган. 1980 йилдан эътиборан 11-синф жорий этилган бўлиб, 2001 йилдан бошлаб мактабга қабул қилинаётган барча ўқувчилар 11 йиллик дастур асосида таҳсил олиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг собиқ ўринбосари Сардор Ражабов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда мактаб таълимини 12 йиллик тизимга ўтказилиши кутилаётгани ҳақида гапирганди. Унинг айтишича, мактабга тайёрлов тизимини умумий мактаб таълимига қўшиш орқали Ўзбекистонда 12 йиллик таълим тизими жорий этилади. Бундан кўзланган мақсад таълим сифати ва миллий таълимни халқаро таълим билан интеграция қилишдир.
Live
Барчаси