“Саломатлиги оғир”. Мубашшир Аҳмад колонияда ёмон шароитда сақланаётгани айтилди

3-саҳифа

image
Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан апелляция киритадими? Адвокат ва жамоатчилик ҳукмдан норози. north_east

Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан апелляция киритадими? Адвокат ва жамоатчилик ҳукмдан норози.

Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) Навоийдаги Жазони ижро этиш колониясида саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга қарамай, оғир шароитда сақланмоқда. Бу ҳақда Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Адвокатга кўра, Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) бугунги кунда тайинланган 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони Навоий вилояти, Қизилтепа туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 5-сонли Жазони ижро этиш колониясида ўтамоқда.

Гарчи, тергов ва суд жараёнларида ҳам бир неча маротаба Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллигининг II-тури билан анча йиллардан буён оғриб келиши, ушбу шахсни қамоқда сақлаб бўлмаслиги юзасидан илтимосномалар киритилган бўлса-да, эҳтиёт чораси ва жазо тайинлаш масаласида ушбу ҳолатлар инобатга олинмаган.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг 26 ноябрь куни адвокатлар Турсунов билан бевосита 5-сонли ЖИЭКда учрашган вақтида, маҳкумнинг қон босими бир неча маротаба 180 мм рт. ст. дан ошгани, қандли диабет касаллиги оқибатида буйраклари яхши ишламаётгани, оёқлари ишиб кетгани ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлари соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани маълум бўлган. 

Қолаверса, ушбу факт адвокатлар томонидан берилган адвокатлик сўровига жавобан тақдим этилган хатда ҳам ўз тасдиғини топган.

ЖИЭД 5-сонли Жазони ижро этиш колонияси томонидан адвокатларга берилган жавоб хати

26 декабрь куни адвокатлар томонидан Мубашшир Аҳмад билан такроран учрашилганда, у хатда кўрсатилган муолажаларнинг бирортасини олмаганини, уни фақат тиббий кўрикдан ўтказишганини, лекин ётқизиб даволашмаганини, дори воситалари билан таъминланмаганини, оддий дам олишга ҳам рухсат йўқлигини маълум қилган.

Бироқ адвокатлар томонидан икки маротаба ИИВ ЖИЭДга мурожаат билан борилганда, департамент бошлиғи ўринбосари ва тиббий хизмат бошлиғи томонидан маҳкум бир неча маротаба тиббий пунктда даво муолажалари олгани, бугунги кунда ҳам даволанаётгани, соғлиғи яхши ҳолатда экани, шу сабабли ишга олиб чиқилаётгани ҳақида нотўғри маълумот тақдим этилган.

Қолаверса, жазони ўташ давомида Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилаётгани айтилди.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, ҳимоясида бўлган шахс соғлиғининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда.

“Алишер Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллиги қийнаётгани, оёқлари ишиб кетиб, буйраги яхши ҳолатда эмаслиги, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганини кўра-била туриб, уни оғир ва совуқ об-ҳавода меҳнат қилишга жалб этишдан мақсад нима?” дейди Абдуллоҳ Содиқ.

Унга кўра, юқоридаги факт, яъни 2025 йил 28 октябрда этап қилинган маҳбуснинг 1 ой ичида 3 маротаба даволангани, қандли диабет, артроз, стенокардия ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлар билан оғриши ушбу шахсни озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтай олмаслигини англатади.

Шунингдек, Турсунов ўзининг сўзларида 2026 йилнинг 11 мартида қонун бўйича жазонинг 3/1 қисмини ўтаб бўлгани сабабли манзил-колонияга ўтказилиши кераклигини, лекин унга ҳар-хил тазйиқлар ўтказилиб, арзимас нарса билан қоидабузарлик расмийлаштириб, ўтказилишини кечиктиришга ҳаракат бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

Бундан ташқари, Мубашшир Аҳмад   муассаса ходимлари томонидан унга нисбатан бошқа маҳбуслар қатори бир хил муносабат бўлмаётганидан, бир мисол: кимдир оддий шамолласа 5-6 кунлаб тиббий пунктда даволаниб чиқишини, бироқ унинг шунча касаллиги бўлса-да, оёқлари ишиб кетган ҳамда оёғидаги яралар қорайиб, гангрена касаллигига қараб кетаётган, бир сўз билан айтганда аҳволи критик даражада бўлса-да даволанишга рухсат йўқлигини, фақат ишга чиқ деб мажбурлашларини билдирган.

Қолаверса, у оёқлари ва ундаги яралар оғриётгани ҳақидаги шикоятлари эътиборсиз қолаётгани, фақат оғриқ қолдирувчи укол қилишлари ва бу вақтинчалик чора эканини, кейин яна оғриқлар давом этиб, юришга қийналаётганини маълум қилган.

“Шу ҳолида, А.Турсунов иккинчи қаватдаги кроватда ухлашга мажбур. Оёғидаги яра ҳар бир чиқиш ва тушишда унга азоб бермоқда. Бир неча маротаба йиқилиб тушишига ҳам сабаб бўлган. Ачинарлиси, ҳимоямдаги шахсга адвокатларининг камроқ учрашувга келиши, иложи бўлса умуман келмаслиги уқтирилиб, босимлар бўлмоқда”, дейди Абдуллоҳ Содиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

блогер Мубашшир Аҳмад Саломатлиги Диний олим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг