Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразмда оғуфурушлар ушланди

3-саҳифа

image

Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида яшовчи шахслар жами 11 килограммдан ортиқ наркотик моддалари билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи шахс белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Тожикистондан 8 килограмм 860 грамм “опий” моддасини контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтган вақтида, “ўзбек-тожик” давлат чегарасини қўриқлаётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, гиёҳвандлик воситасини ташлаб, номаълум томонга қочган. Аммо, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида оғуфуруш қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида, Ургут туманида яшовчи шахс унинг жиноий шериги экани аниқланиб, процессуал тартибда ушланган. 

Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда эса, Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан текширилганда, унинг ёнида 31 грамм “опий” моддаси борлиги маълум бўлган.

Шундан сўнг, у оғуни Денов туманида истиқомат қилувчи фуқародан сотиб олгани аниқланиб, мазкур наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан ҳам 1 килограмм 483 грамм “опий” моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда, Гурлан туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун икки маротаба судланган шахс 877 грамм “гашиш” моддасини харидорга 14 минг долларга сотган вақтида қўлга олинган.

Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Ўзбекистонга айланма йўллар орқали олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида хонадонида умумий қиймати 412 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаган, шунингдек, Тошкент шаҳрида машинасида 967 грамм бўлган “гашиш” олиб кетаётган фуқаро ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Самарқанд гашиш опий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг