Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Энергетика вазирини қабул қилди
Жамият
−
05 Декабрь 1494 2 дақиқа
Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраевни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида олий мартабали меҳмон Ўзбекистон раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломини етказган. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини, шу жумладан, энергетика соҳасида янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Икки томонлама муносабатлар юқори суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 17 фоизга ошиб, юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Электр энергияси барқарор етказиб берилмоқда ва транзит қилинмоқда, “яшил” энергетикада истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон етакчиси сув энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий аҳамиятга молик қўшма лойиҳаларни, энг аввало, “Қамбар-ота ГЭС-1”ни қуриш лойиҳасини самарали илгари суриш муҳим эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, шунингдек, Туркия Республикаси Энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди.
Live
Барчаси