Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда 44 та лойиҳани ишга туширди

Жамият

image

Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда умумий қиймати 7,1 млрд доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга туширди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, давлат раҳбари Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишган.

Сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланиб, инвесторларнинг ҳудудга қизиқиши тобора ортмоқда.

Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етган. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4 минг 820 тага етказилиб, 18,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Дунёнинг 37 давлатига 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган. 

Давлат раҳбарига тақдимот қилинган лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва геология, енгил саноат, озиқ-овқат, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, таълим, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш назарда тутилган.

Умумий қиймати қарийб 1,6 миллиард доллар бўлган лойиҳалар Россия, Хитой, Туркия, Покистон, Япония, Германия, Ҳиндистон, Мўғулистон билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари инвесторлар билан суҳбатлашган. Шундан сўнг жамоатчилик вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш ва бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтган.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, геология, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берган.

Жумладан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва маҳаллий инвесторлар иштирокида 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилган.

Шунингдек, Австрия, Германия, Нидерландия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва Афғонистон давлатлари билан ҳамкорликда 6 миллиард 300 миллион долларлик 31 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 82 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 1 миллиард 400 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига ташриф буюриб, сумалак сайлида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Шавкат Мирзиёев лойиҳа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг