Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамонининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
13 Декабрь 3476 2 дақиқа
Аввалроқ, бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳамидов вафот этгани хабар қилинганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абдураим Ҳамидов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Абдураим Ҳамидов шу йил 10 декабрь куни 82 ёшида вафот этган. У 1943 йил 20 октябрда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда тумандаги “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида механизаторликдан бошлаган. Кейинчалик ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида меҳнат қилди. 2007 йилда “Шаҳанд ҳумо қуши” фермер хўжалигини ташкил этиб, кўп йиллар давомида фидойилик билан фаолият юритган.
Ҳамидов қарийб 60 йиллик иш фаолияти мобайнида ўзини деҳқончилик илмини чуқур биладиган ҳақиқий миришкор, замонавий агротехнологияларни пухта эгаллаган, пахтачиликда ўз мактабини яратган фидойи фермер, меҳнатсевар, самимий ва эл-юртига садоқатли инсон сифатида намоён этиб, мамлакатимизда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракати ривожини янги босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшган.
У Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати сифатида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларида алоҳида фаоллик кўрсатган.
Абдураим Ҳамидовнинг узоқ йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машинасозлик соҳасидаги таниқли олим, Тошкент давлат техника университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори Азмиддин Садриддинович Садриддинов 89 ёшида вафот этганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь