Сурияда друзлар ва бадавийлар ўртасида шиддатли жанглар қайта бошланди
Олам
−
18 Июль 10232 2 дақиқа
Сурия жанубида друз гуруҳлари ва бадавий қабилалар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар яна авж олди. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб, “Анадолу” хабар берди.
Манбаларга кўра, нуфузли друзлар етакчиси Ҳикмат ал-Ҳижрий тарафдорлари Сурия ҳукумат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бўйича илгари тузилган келишувга қарши чиққани ва бадавийларни ўзлари босиб олган ҳудудлардан мажбуран чиқариб юбориш чораларини кўрганидан сўнг кескинлик қайта бошланган.
Агентлик маълумотларига кўра, Суриянинг бошқа вилоятларидан келган араб қабилаларининг юзлаб қуролланган жангарилари томонидан қўллаб-қувватланган бадавий бўлинмалари кеча, 17 июль куни кечқурун қарши ҳужумга ўтиб, Ҳижрий гуруҳидан бир қанча аҳоли пунктларини қайтариб олган ва Сувайда шаҳрининг ғарбий чеккасига йўл олган.
Друзлар қўшинлари шаҳар четидан чекиниб, мудофаасини шаҳарнинг марказий қисмида жамлаган. Ғарбий кириш жойи ҳудудида томонлар ўртасида отишма давом этмоқда.
Сурия хавфсизлик кучлари жангларга бевосита аралашмаяпти, фақат Сувайдага олиб борувчи йўлларда текширув ўтказиш билан чекланмоқда.
Можаронинг кучайиши ва Исроилнинг зарбалари
Бадавий қабилалари ва друзлар ўртасидаги очиқ тўқнашувлар 13 июлда бошланган ва тезда кенг кўламли жангларга айланган. Ҳудудга ҳукумат кучлари юборилган, аммо друз тузилмаларининг ҳужумлари оқибатида ўнлаб аскар ҳалок бўлди. Вазият авж олган пайтда қисқа муддатли оташкесимга эришилди, бироқ у тез орада бузилди.
Шундан сўнг Исроил Сурия ҳукумати нишонларига қатор зарбалар берди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маҳаллий манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Сувайдадаги жанглар, шунингдек, Исроил зарбалари натижасида юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь