Тадбиркорларнинг кетмони учди ёхуд “уйқуни қочирган” муаммолар ечилди
Бизнес
−
02 Июнь 7318 3 дақиқа
Тадбиркорларни қийнаган, ресторан ва кафе эгаларининг “уйқусини қочирган” муаммоларга нуқта қўйилди. 26 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, бизнес эгаларига бир нечта енгилликлар берилди. Энг биринчи бўлиб ҚҚС дан олинадиган кешбэкка тўхталсак. Илгари ресторан ва кафелар тўлаган ҚҚС суммасининг бир қисмини давлатдан қайтариб олиши учун камида мўъжиза кўрсатиши керак эди. Тушумнинг асосий қисми пластик карта ёки QR-код орқали тушиши шарт бўлган. Мижоз келиб нақд пул берса, “бонусдан қуруқ қолдим” деб тадбиркор ичидан зил кетиши аниқ эди. 2026 йил 1 июндан бу мантиқсизлик тугатилди. Энди мижоз чўнтагидан нақд пул чиқарадими ёки картасини терминалга босадими – фарқи йўқ! Тўланган ҚҚС суммасининг нақд 40 фоизи тадбиркорнинг ҳисоб рақамига қайтариб берилади.
Кичик бизнеснинг энг катта фожиаси, найранг-у ўйинларни бошланиш нуқтаси 1 миллиард сўмлик чегара эди. Савдо 1 миллиарддан ошдими тамом, кичик тадбиркор “йирик акула” сифатида баҳоланарди. Автоматик равишда умумбелгиланган солиқ тизимига ўтарди. Бунда корхона “айланмадан солиқ” тўламайди. Унинг ўрнига савдосидан 12% ҚҚС, йил якунидаги соф фойдасидан 15% фойда солиғи тўлайди. Ҳамда ўз номидаги бино, ер ва ишчиларининг ойлигидан тегишли солиқларни топширади. Бу тизимда бухгалтерия жуда аниқ ва ҳужжатларга асосланган бўлиши шарт. Бугун 1 млрдлик довонга етиш у қадар қийин бўлмай қолгани рост. Шу сабабли, кўплаб тадбиркорлар атайлаб бизнесни катталаштирмасдан, айланмаси 900 миллиондан ошганда фирмасини ёпиб, хотинининг ёки акасининг номига янги фирма очарди. Энди бундай қилиш шартмас. Чегара БҲМнинг 12 000 баравари, яъни нақд 5 миллиард сўмгача оширилди!
Ресторан ва кафеларга ходим олиш масаласи эса ҳақиқий дард эди. Бир кунлик катта тўйга қўшимча 5 та официант чақириш ёки янги ишчини синаб кўриш ҳам тадбиркорга жуда қимматга тушарди. Янги ишчилар қандай ишлашини билиш учун синов муддати асосида қабул қилинса-ю, xудди ўша куни солиқдан текширув келиб қолса, иш берувчи – салкам жиноятчига айланарди. “Яширин ишчи ишлатяпсан” деб унга катта жарима солинарди.
Энди ечим бор – Меҳнат вазирлигининг махсус мобил иловаси. Ишчини телефон орқали, ўша куннинг ўзида, 5 сонияда соддагина рўйхатдан ўтказиш мумкин. Синов муддати тугайдими ёки иши ёқмадими, илова орқали жараён ёпилади. Солиқчи келиб жарима сололмайди!
Яна бир муҳим нуқта. Айланмаси ошиб, ҚҚС тўлашга мажбур бўлган тадбиркорнинг ҳисобчиси сочларини юлишга тайёр эди. Сабаби – 12 фоизлик ҚҚСни тўлашда ҳар бир товарнинг ҳужжатини, фактурасини тўғрилаб, ҳисобга олиш азоб эди. Битта чек етишмаса, тадбиркор ўз чўнтагидан куярди. Давлат энди мутлақо янги, соддалаштирилган 6 фоизлик ҚҚС тизимини таклиф қиляпти.
Ўзбекистонда ўз брендини франшиза қилиб, вилоятларда ўнлаб филиал очиш жуда қийин эди. Сабаби – тармоқ кенгайди дегунча, солиқ юки йирик корхоналар қаторига қўшиб қўярди ва маҳсулотинг таннархи қимматлаб кетарди. Фармон франшиза бизнесига “яшил йўлак” очди
Энг асосийси, Фармонда солиқчиларнинг тадбиркорни асоссиз текширишига катта тўсиқ қўйилди. Агар солиқ тизими сизнинг бизнесингизда хато топса, дарҳол босиб келишмайди аввал ўзингизга мустақил тузатиш имкони берилади. Хавф суммаси 500 миллион сўмгача бўлса солиқ аудити, 100 миллионгача бўлса сайёр текшириш умуман ўтказилмайди. Хуллас, Давлат сизга “қўрқма, яширинма, очиққа чиқ, мен сени жаримага тортмайман, ривожланишингга имкон бераман” деяпти. Танлов эса ўзингизда.
Live
БарчасиПашиняннинг қуши учмади
03 Июнь