Таиланд ва Камбоджа ўртасида яна тўқнашув бошланди (видео)
Олам
−
08 Декабрь 3516 2 дақиқа
Бугун, 8 декабрь куни Таиланд Камбоджа аскарларини Таиланд ҳарбийларига қарата ўқ узишда ва бир аскарнинг ўлимига сабаб бўлганликда айблади. Камбоджа эса бу айбловларни рад этмоқда.
Қайд этилишича, Таиланд армияси Камбоджадаги қатор ҳарбий нишонларга ҳаводан зарбалар беришни бошлаган. Хужумлар “ҳарбий инфратузилма, қурол-яроғ омборлари, қўмондонлик пунктлари ва логистика йўналишлари”га қаратилган. Зарбалар ўша куни Убон Ратчатҳани провинциясида Таиланд қўшинларига қарата ўт очган камбоджалик аскарларга жавобан амалга оширилган. Ҳужум оқибатида Таиланд қироллик армиясининг бир аскари ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланган.
Можаро кучайиши ортидан Таиланд тўрт чегара ҳудудидан 385 мингдан ортиқ тинч аҳолини эвакуация қилмоқда. Уларнинг 35 мингдан зиёди аллақачон вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилган.
Камбоджа Мудофаа вазирлиги эса аксинча, Таиланд армиясини Прэахвихеа ва Оддар Меанчей вилоятларидаги Камбоджа қўшинларига ҳужум қилишда айблади. Камбоджа расмийларига кўра, Таиланд ҳарбийлари ҳатто ибодатхоналарни ҳам танк билан ўққа тутган. Шунга қарамай, Камбоджа жавоб ўқини узмаганини билдирди.
Маълумот ўрнида, Таиланд ва Камбоджа ўртасида юз йилдан бери давом этиб келаётган баҳс 800 километрдан ортиқ чегаранинг демаркацияси билан боғлиқ. Можаронинг марказида Прэахвихеа ҳинду ибодатхонаси мажмуаси ҳамда Таиланд, Камбоджа ва Лаос чегаралари туташган “Зумрад учбурчаги” деб аталувчи ҳудуд туради. Низо мустамлакачилик даврида чизилган ноаниқ чегаралар сабаб келиб чиққан.
Чегара можаросининг аввалги кучайиши ўтган ёзда кузатилган эди. Отишмалар асосан шимолий ҳудудларда бошланган, кейин жанжал Жанубий Хитой денгизи бўйидаги машҳур Паттая курортига қадар кенгайган. Беш кун давом этган жангларда камида 43 киши ҳалок бўлган, 300 мингга яқин одам уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Доналъд Трамп икки давлатни дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирган эди. Октябрь охирида АҚШ воситачилигида томонлар узоқ муддатли тинчлик шартномасини имзолаганди. Бироқ Таиланд бир ой олдин чегара яқинида мина портлаши оқибатида икки аскар яралангани ҳақида хабар бергач, ушбу битимни амалга оширишни вақтинча тўхтатганини маълум қилганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь