Ташқи қарз олишнинг уятли жойи йўқ – Жамшид Қўчқоров
Жамият
−
03 Июнь 7625 3 дақиқа
Ўзбекистонда ички инфратузилмани ташкил этиш ва сақлаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун иқтисодий таъминот зарур ва шунинг учун ташқи қарз жалб қилинади. Бунинг эса уятли жойи йўқ. Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги Давлат бюджети ижроси муҳокамасида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўз очди.
Жамшид Қўчқоровнинг билдиришича, иқтисодиёт кўп маблағга муҳтож. Давлат вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар инфраструктурани ривожлантириш, йўл, ичимлик суви, энергетика тармоқлари, аэропорт, темирйўл, автомобиль йўллари масалалари, мамлакат мудофаа қобилиятини, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг маълум бир қисми ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилади. Масалан, янги қурилаётган хонадонлар учун ипотека кредитлари бериш учун ҳам тижорат банкларини узоқ муддатга маблағ билан таъминлаш зарур бўлади. Шу каби ишлар ташқи қарз ҳисобига қопланади.
2024 йил якунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи 33,7 миллиард доллар, ички қарз эса 6,5 млрд долларни ташкил этмоқда. Жами қарздорлик ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меъёрларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарзи мўътадил даражада ҳисобланади.
Жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра эса Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи жами 42,4 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлса, шундан ташқи қарз 35,6 млрд АҚШ доллари, ички қарз 6,9 млрд АҚШ доллари ёки 2025 йил учун кутилаётган ЯИМга нисбатан 33,5 фоизни ташкил этган. Бу эса халқаро меъёрларда мўътадил ҳисобланади.
Шунингдек, давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилик бўйича давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги зарур. Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ҳар бир доллар олинаётган қарзга ниҳоятда синчковлик билан қаралади, нима учун, қайси мақсадлар учун олинаётгани текширувдан ўтказилади.
“Шаҳарлар борми, қишлоқлар борми, маҳаллаларми – ҳаммаси обод бўлиб келяпти ва бунда харажатларнинг маълум бир қисми ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилади. Агар шундай сўз жоиз бўлса, буни ҳеч қандай уятли жойи йўқ. Қарз ошди деб гапирадиган одам шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг ЯИМ ҳам бугунги кунда 115 млрд долларга етганини ҳам айтиб ўтиши керак” дейди Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк томонидан эълон қилинган “Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқейи ҳамда ташқи қарзи” бўйича ҳисоботида 2024 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 64,1 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 55,7 фоиз) ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 33,9 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 29,5 фоиз) ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 30,2 млрд долларга тенг бўлгани қайд этилганди.
Live
Барчаси